Самарқандда Путин васийлигидаги халқаро анжуман ўтказилади
Жамият
−
04 Ноябрь 2019
6081Жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Валдай” Халқаро мунозара клубининг X Осиё конференцияси ўтказилади. Ушбу анжуман муҳим халқаро аҳамиятга эга бўлиб, ривожланган давлатларнинг эътиборини Ўзбекистонга қаратади.
“Валдай” Халқаро мунозара клуби (ХМК) Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин томонидан қўллаб-қувватланади. Унда дунёнинг етакчи илмий-таҳлилий марказ ва университетлари мутахассислари, давлат ва Ҳукумат раҳбарлари иштирок этади.
“Валдай” Халқаро мунозара клуби Осиё конференцияси илк бор Марказий Осиё минтақасида ўтказиляпти. Самарқанддаги сессияда дунёнинг 10 та мамлакатидан 40 нафардан ортиқ экспертнинг иштирок этиши режалаштириляпти.
10 ноябрь куни икки томонлама Ўзбекистон-Россия йиғилиши, 11 ноябрда эса асосий халқаро анжуман ўтказилади. Бу галги конференциянинг мавзуси – “Марказий Осиё ва Евроосиё: глобал тартибсизликларнинг олдини олиш бўйича кенг қамровли ҳамкорлик”.
Конференцияда мезбон сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов қатнашади.
Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази директори Дониёр Қурбонов, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро, иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори Шерзод Абдуллаевлар экспертлар даражасида иштирок этади.
Маълумот учун, “Валдай“ мунозара клуби 2004 йилда тузилган. Тузилма таниқли халқаро экспертларнинг россиялик олимлар, сиёсатчилар ва давлат арбоблари билан учрашувлари учун қулай платформа сифатида қайд этилади. Клубнинг бугунги кундаги фаолияти, асосан, глобал сиёсий ва иқтисодий жараёнларни тадқиқ этишга йўналтирилган. Ташкил этилган кундан бошлаб клуб ишида 74 мамлакатдан мингдан зиёд эксперт қатнашди.
LiveБарчаси