Самарқандда қуролли кучлар хизматчиси пора билан қўлга тушди
3-саҳифа
−
09 Ноябрь
23307Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Пахтачи ва Нарпай туманларида мансабдорлар пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 1972 йилда туғилган Самарқанд шаҳар Мудофаа ишлари бўлимининг Сафарбарлик чақирув резерви бўлинмаси бошлиғи, қуролли кучлар хизматчиси С.И. ва унинг ёрдамчиси – 1991 йилда туғилган Ф.Э. ҳам ўз мансаб ваколатидан ноқонуний йўлларда фойдаланиб, ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда Самарқанд шаҳрида яшовчи маҳаллий фуқаронинг АҚШга ишлаш учун кетган ўғлини сафарбарлик чақирув резервида ҳарбий хизматни ўтагани хусусида сохта ҳарбий гувоҳнома расмийлаштириб бериш эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилган. “Устаси фаранглар” келишилган маблағни олаётган вақтда қўлга тушган.
Шунингдек, Каттақўрғон тумани Солиқ инспекцияси инспектори, 1981 йилда туғилган М.Р. мазкур туманда яшовчи маҳаллий фуқаронинг 11 миллион 500 минг сўм миқдоридаги солиқ қарзини электрон базадан ўчириш ва қарздорлик тўлангани хусусида сохта ҳужжат расмийлаштириб бериш эвазига талаб қилинган 6 миллион сўм пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Худди шундай, порахўрлик билан боғлиқ жиноий ҳаракатлар Пахтачи ва Нарпай туманларида ҳам содир этилган. Жумладан, Миллий гвардия Пахтачи туманлараро қўриқлаш бўлими ходими, 1998 йилда туғилган сафдор Ш.А. маҳаллий фуқарога Пахтачи туманида жойлашган “Қорақўтон олтин кони” ҳудудидаги 25-сонли шахтадан таркибида олтин моддаси бўлган тошларни қазиб олишга шароит яратиб бериш эвазига 8 миллион сўм ва 600 АҚШ доллари талаб қилиб, келишилган пулдан қолган 600 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган бўлса, 1998 йилда туғилган Нарпай туманида яшовчи, Самарқанд вилоят Кадастрлар палатаси Нарпай туман филиали муҳандиси С.Ш. маҳаллий фуқаронинг яқин қариндоши номидаги тураржойга кадастр ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига талаб қилинган 700 АҚШ долларини чўнтакка жойламоқчи бўлган вақтида фош этилган.
Ҳозирда юқоридаги шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Андижон вилоятларида мансабдорлар пора билан қўлга тушган эди.