Самарқандда Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция иш бошлади
Жамият
−
07 Сентябрь 2023
1950Самарқандда 7-8-сентябрь кунлари Озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган халқаро конференция иш бошлади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Тадбирда 30 дан ортиқ давлатдан вазирлар ва дипломатлар, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти, Осиё тараққиёт банки каби халқаро ташкилотлар, молия институтлари ва илмий ташкилотларнинг вакиллари иштирок этяпти.
Бундан ташқари, анжуман доирасида 8 та техник сессия ташкил этилади ва уларда ер ресурслари, аграр соҳани рақамлаштириш, инновациялар ва агрологистика масалалари ҳам муҳокама этилиб, уларда денгизга чиқиш йўли бўлмаган мамлакатлар тажрибаларига алоҳида урғу берилади.
“Ўзаро муҳокамалар, таклиф-мулоҳазалар ва билдирилган тавсиялар жамланиб, конференция якунида Самарқанд декларациясини қабул қилиш кўзда тутилган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, халқаро қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари бўйича консултатив гуруҳ билан биргаликда ташкил этиладиган давра суҳбатида ўзбекистонлик 200 нафар тадқиқотчи, шунингдек 20 дан зиёд мамлакатдан 150 дан ортиқ хорижий олимлар қатнашиши режалаштирилган.
Конференция доирасида ўтказиладиган кўргазмада Ўзбекистоннинг агроозиқ-овқат соҳасида эришган ютуқлари кенг намойиш этилади.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси