Самарқандда ота ва онани 3 фарзанди билан ўлдирганлар устидан суд бошланди

Жамият

image

Жорий йил 14 майдан 15 майга ўтар кечаси бир оиланинг 5 аъзоси ўлдирилиб, жасадлар уйда турган автомобилга жойланиб, бошқа туманга ташлаб кетилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Иштихон тумани Чимқўрғон қишлоғида яшаган, фермер хўжалиги ишчиси 1969 йилда туғилган А.Халбаевни, унинг турмуш ўртоғи 1974 йилда туғилган З.Халбаевани, фарзандлари –1998 йилда туғилган Ж.Исломов, 2002 йилда туғилган А.Исломов ва 2004 йилда туғилган О.Исломовни қасддан ўлдирганларга нисбатан бугун, 4 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида суд иши бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. 

Судланувчилар:

•    Ғолиб Ташанов (1981 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, оилали, уч нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз);

•    Жаҳонгир Усмонов (1993 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, оилали, икки нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз);

•    Шамшиддин Эсонбоев (1995 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - ўрта, уйланмаган, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз);

•    Хабибулло Нурманов (1996 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, уйланмаган, муқаддам судланган, вақтинча ишсиз)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд бошланди.

Мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Икром Муслимов раислигида ҳамда судьялар О.Арабов ва Э.Эргашевдан иборат суд таркибида кўрилмоқда.

Тергов якунига кўра, судланувчилар 2019 йил 14 майдан 15 май кунига ўтар кечаси Самарқанд вилояти Иштихон тумани “Чимқўрғон” МФЙ “Чимқўрғон” қишлоғида яшаб келган А.Халбаевнинг уйига ғайриқонуний равишда кириб, ҳужум қилиб А.Халбаевни, унинг турмуш ўртоғи З.Халбаевани, фарзандлари – Ж. Исломов, вояга етмаган А.Исломов ва О.Исломовларни қасддан ўлдиришган ҳамда 22 млн сўм, 100 АҚШ доллари ва 600 минг сўмлик Samsung русумли уяли алоқа телефонини босқинчилик йўли билан талон-торож қилишган. 

Шундан сўнг, судланувчилар содир этган жиноятларини яшириш мақсадида А.Халбаев ва унинг оила аъзоларининг мурдаларини кўрпаларга ўраб, уй ҳовлисида турган Damas русумли автомашинага жойлаштириб, Қўшработ туманидаги “Олтин майдон” фермер хўжалиги ҳудудидаги адирга ташлаб кетишган.

Бундан ташқари, Ғ.Ташанов 2018 йилнинг баҳорида ўзи истиқомат қилиб келган уйнинг томорқасида ўсиб чиққан тақиқланган “кўкнор” ўсимлигини қонунга хилоф равишда етиштириб, 2018 йил ноябрь ойида қуруқ ҳолдаги умумий соф вазни 49,94 грамм бўлган “кўкнор” гиёҳвандлик воситасини Ж.Усмоновга қонунга хилоф равишда ўтказган бўлса, Ж.Усмонов ушбу гиёҳвандлик воситасини ўз уйида ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда сақлаб келган.

Судланувчилар:

•    Ғ.Ташанов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси (босқинчилик), 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш), 270-моддаси (тақиқланган экинларни етиштириш) ва 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш)да; 

•    Ж.Усмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси (босқинчилик), 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) ва 276-моддаси (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар)да;

•    Ш.Эсонбоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси (босқинчилик) ва 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш)да;

•    Х.Нурманов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси (босқинчилик) ва 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Жиноят Самарқанд

Баҳолаганлар

83

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг