Самарқандда ноқонуний ароқ сақлаб келаётганлар ушланди
3-саҳифа
−
05 Март
5218Самарқанд вилояти Оқдарё туманида сифат сертификати бўлмаган 13 396 дона спиртли ичимликларни сақлаб келаётган тадбиркорлар фош этилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Оқдарё тумани “Темирак” МФЙда яшовчи 1973 йилда туғилган фуқаро А.Х.нинг яшаш хонадонида ҳужжатларсиз, сифат сертификатига эга бўлмаган спиртли ичимликлар топилган.
Маълум бўлишича, тадбиркор 1 литр ҳажмли шиша идишда “Султон” номли 1 521 дона, “Дунё” номли 1 295 дона, 0,5 литр ҳажмли шиша идишда “Русская водка” номли 5 756 дона ҳамда турли хилдаги 1 200 дона, жами 9 772 дона қадоқланган шиша идишларда спиртли ичимликлар сақлаб келган.
Шунингдек, тадбир давомида “Зарафшон” МФЙ Янгиравот қишлоғида яшовчи 1981 йилда туғилган фуқаро Г.Э.нинг яшаш хонадонидан ҳам тегишли ҳужжатларсиз, сифат сертификатига эга бўлмаган, 0,7 литр ҳажмли шиша идишда “Русская водка” номли 2 100 дона, “Пшинечная водка” номли 1 524 дона, жами 3 624 дона қадоқланган шиша идишларда спиртли ичимликлар сақлаб келаётганлиги аниқланган. Ушбу спиртли ичимликлар тегишли тартибда холислар иштирокида далилий ашё тариқасида олиниб, процессуал тартибда ҳужжатлаштирилган.
Манбага кўра, далилий ашё тариқасида олинган 13 396 дона қадоқланган спиртли ичимликлар истеъмолга яроқлилиги ҳамда ҳаққонийлиги бўйича ўтказилган экспертиза текширувидан сўнг, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиши режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Зангиотада 2 нафар фуқаро даромад орттириш мақсадида ҳеч қандай ҳужжатсиз 3 хил турдаги 2 минг 200 қути “Esse change”, “Oris” ва “Milano” номли акциз маркасиз тамаки маҳсулотини бошқа бир фуқарога 36 миллион 700 минг сўм эвазига сотган вақтида ушланганди. уларнинг ёнидан жами 5 минг 190 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинганди.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15