Самарқандда маска ва ижтимоий масофасиз концерт ўтказилди. ССВ уйғон!
Жамият
−
19 Октябрь 2020
13329Кеча, 18 октябрь куни Ўзбекистонда “Самарқанд куни” нишонланди. 17-18 октябрь кунлари вилоят бўйлаб тадбирлар ўтказилди. Уларда коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин чораларига риоя қилинмаганини кўриш мумкин.
Хонанда Нилуфар Усмонова ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига Самарқанд шаҳрида ўтказилган концерт дастурининг видеосини жойлаштирди. Концерт “Нурафшон” ёзги концерт саройида ўтказилган. Концертга мингга яқин томошабин тўпланган.
Видеода томошабинлар ижтимоий масофа сақламагани етмагандек, тиббий ниқобларни ҳам тақмаганини кўриш мумкин.
Бундай концерт дастурлари ҳокимлик рухсати, ҳуқуқ-тартибот органлари, хусусан Миллий гвардия, Ички ишлар ходимлари иштирокида ташкил этилишини инобатга олинса, карантин чораларига риоя қилинмаганини қандай баҳолаш мумкин? Мамлакатда бугун коронавирус беморлари сони ортиб бораётган, иқтисодий танглик кузатилаётган, қолаверса, жамоат транспортида ҳам ниқоб ва қўлқоп талаб қилинаётган бир пайтда Самарқандда бундай тадбирларнинг ўтказилиши нега қатъий назаоратга олинмаган? Нега мутасаддилар жим?
Бундан бир неча кун аввал Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Самарқандда коронавирусга чалинган беморлар сони 10 бараварга камайтириб кўрсатилаётганини айтиб чиққанди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса буни рад этди.
Ўтган бир ҳафтада Самарқандда коронавирусга чалинганлар 57 кишига ортган ва 2255 кишини ташкил этмоқда. Бу ҳолат оммавий тадбирлардан кейин ҳам беморлар сони кўпаймаса, демак мамлакатда бемалол катта тўйлар ва концертлар ўтказиш ёки ССВ ҳаққоний статистикани бериши вақти келганини англатади.