Самарқандда кўчаларни сув босди. Вилоятга кучли сел келгани айтилмоқда (видео)

Жамият

Бугун, 28 март куни Самарқанд вилоятида кучли ёмғир ёғиши натижасида қатор туманларда кўчаларни сув босди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.

Вилоят ҳудудида кузатилаётган ёғингарчилик оқибатида Оқдарё тумани марказидаги Наврўз ва Абдулла Қодирий номли кўчалар, “Оқдарё деҳқон бозори”нинг ички йўллари, Каттақўрғон туманидаги Мирзо Улуғбек номли маҳалласининг Алишер Навоий номли кўчаси ҳудуди, Каттақўрғон шаҳридаги Бобур номли кўчаларга оқова сувлар тўпланиб қолган.

Мазкур ҳолатлар оқибатлари вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг тасарруфидаги бўлинмалар ҳамда тегишли хизматлар билан ҳамкорликда бартараф этилмоқда.

Шунингдек, Челак шаҳарчасидаги асосий кўчаларни ҳам сув босган ва вилоят ФВБ ходимлари у ерда ҳам тўпланган сувни чиқариб ташлаш ишларида қатнашган.

Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси, сўнгги кунларда ёмғир сувларининг тошиб, аҳоли хонадонлари, ҳовлилар ва ички кўчаларга тўпланиб қолаётганига айрим фуқаролар томонидан ички ариқларнинг кўмиб юборилаётгани, оқибатда сув ўтказиш имкониятининг пасайиб кетаётганини сабаб қилиб кўрсатган.

Ижтимоий тармоқларда эса Самарқандга кучли сел келгани ҳақида хабар ва видеолар тарқаляпти.

1


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд сел

Баҳолаганлар

275

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг