Самарқандда бронза даврига оид қадимий манзилгоҳ аниқланди
Жамият
−
20:03 391 2 дақиқа
Нурота тоғ тизмасининг Самарқанд вилояти Қўшработ туманига тўғри келувчи ҳудудида олиб борилган археологик қидирувлар давомида мезолит ва неолит даврларига оид қоятош суратлари ҳамда бронза даврига мансуб манзилгоҳ аниқланди. Бу ҳақда Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти хабар берди.
Институтнинг 2026 йилги дала тадқиқотлари режасига мувофиқ, октябрь ойида Қўшработ туманининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида археологик қидирув ишлари олиб борилган. “Оқчобсой” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Эгрижарсой, Хўжасой (Бадимин), Галажинсой ва Сумбулсой ҳудудларидаги тош айвонлар деворлари ва шифтларида қоятош суратлари топилган. Маълумотларга кўра, табиий охра бўёғи билан чизилган суратлар мезолит (милоддан аввалги XII–VII минг йилликлар) ва неолит (милоддан аввалги VI–III минг йилликлар) даврларига мансуб.
Шунингдек, “Панғат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги археологик қидирувлар давомида учта нуқтадан бронза даврига – милоддан аввалги III минг йилликдан I минг йиллик бошларигача бўлган даврга оид сопол парчалари топилиб, ўрганилган.
Қумолоқли қишлоғидан 700-800 метр шарқда жойлашган биринчи нуқтада 2×1 метр ўлчамда шурф қазилган. Натижада қалинлиги 60 сантиметр бўлган маданий қатламга эга бронза даври манзилгоҳи аниқланган. Қазишма жараёнида кўплаб сопол парчалари ва суяк қолдиқлари қайд этилган. Институт таъкидлашича, ушбу манзилгоҳда топилган археологик материаллар кенг кўламли қазишма тадқиқотларини олиб бориш зарурлигини кўрсатади.
Топилмаларни ўзаро қиёсий таҳлил қилиш Нурота тоғ тизмаси ҳудудларининг қадимги аҳоли томонидан ўзлаштирилиши босқичларини, шунингдек, бу ерда яшаган аҳолининг бошқа ҳудудлардаги қабила ва элатлар билан маданий алоқалари ривожланишини ўрганишга ёрдам беради.
Институт маълумотига кўра, тадқиқот натижалари ушбу жараёнлар ҳақида янги илмий хулосалар чиқаришга асос бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган Жарқўтон ёдгорлигида археологик қазишмалар давомида қадимий тураржой қолдиқлари, оташгоҳ ва тўртта бутун сопол идиш аниқланганди.
Live
Барчаси