Самарқандда 8000 намозхонни сиғдира оладиган масжид очилди
Жамият
−
14 Март 2021
7583Кеча, 13 март куни Самарқанд вилояти Ургут туманида барпо этилган “Ургут” марказий жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Ургут тумани ҳокими Ботир Жабборов ҳам қатнашди.
Мусулмонлар идораси хабарига кўра, тадбир аввалида қурбонлик сўйилди ва Қуръони Карим оятлари тиловат қилинган.
Маълумот ўрнида, янги масжид қибласи мутахассислар қуёшнинг ёзги энг сўнгги ботиш ва қишдаги энг сўнгги ботиш нуқталари ҳисобга олиниб, ушбу икки нуқта орлиғи уч қисмга бўлиб, чап томондаги бўлак белгиландган. Шунингдек, кечаси Олтин қозиқ юлдузига қараб мўлжал олинган.
Масжид майдони бир гектардан ошиқ, хонақосининг ҳажми 45х55 метр, яъни 2500 кв/м.ни ташкил қилади. Жоме икки қаватдан иборат бўлиб, 8000 нафарга яқин намозхонни ўз бағрига сиғдира олади. Хонақоҳ ўртасида 34 метрли баланд гумбаз қад ростлаган. Унинг айланаси 18 метрни ташкил этади.
Масжиднинг тўрт томонида иккитаси 40 метрли ва яна иккитаси 43 метрли бўлган тўрт минора қурилган. Замонавий таҳоратхонадан бир вақтнинг ўзида 100 киши фойдаланиши мумкин. Масжид ходимлари учун 2 қаватли маъмурий бино барпо этилган.
Аввалроқ, Тошкентда бир вақтда 4 000 намозхонни сиғдира оладиган “Сирож солиҳ” масжиди очилгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси