Самарқандда 55 йиллик дарахтлар кесиб ташланди
3-саҳифа
−
20 Июнь 2023
6208Самарқанд вилояти Булунғур туманида 50-55 йиллик 9 туп қайрағоч дарахтлари ноқонуний равишда кесиб ташланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган тадбир давомида Булунғур туманида дарахтларни кесиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик аниқланган.
Унга кўра, туман ҳудудидан ўтувчи Тошкент – Самарқанд М-39-автомагистрал йўли ёқасида яшил белбоғ (ихота) шаклида экилган қарийб 50-55 йиллик 9 туп қайрағоч дарахтлари кесиб ташлангани маълум бўлган.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлик оқибатида табиатга 744 млн 642 минг сўм миқдорида зарар келтирилган. Мазкур ҳолат юзасидан далилий ашёлар ва тегишли ҳужжатлар тўпланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.
Муҳсинжон Умурзоқов