Самарқандда 5 та қардош мамлакат ҳарбий машғулот ўтказди

Жамият

image

Ўзбекистон Марказий ҳарбий округининг “Каттақўрғон” полигонида “Бирлик–2025” минтақавий биргаликдаги машғулоти ўтказилиб, бугун, 21 октябрь куни ушбу машғулотларнинг асосий фаол фазаси ўз якунига етди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва Озарбойжон Республикаларининг Мудофаа вазирлиги бўлинмалари иштирокида ўтказилган мазкур ўқувлар давомида биргаликда бир-биридан мураккаб ва ўта машаққатли вазифалар бажарилган.

“Бирлик–2025” минтақавий биргаликдаги машғулотларда иштирок этган командирлар томонидан қабул қилинган қарорлар дастлаб моделлаштириш ва симуляция воситаларида кўриб чиқилган ва энг мақбул вариантлар амалиётга жорий этилган.

Ўқувларни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳаммедов бошчилигидаги Қозоғистон, Қирғиз Республика, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Озарбойжон Республикаларининг Мудофаа вазирлари бевосита кузатиб борган. 

Биргаликдаги амалий машғулотлар бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳудудларда ўтказилган. Дастлабки босқичда учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида шартли душман жойлашган ҳудудни ўрганиш ва разведка ишлари амалга оширилган. Кейинчалик шаҳар шароитида ноқонуний қуролланган гуруҳларни қўлга олиш ҳамда йўқ қилиш бўйича махсус операция ташкил этилган. Шу билан бир вақтда бўлинмалар томонидан белгиланган нишонларга аниқ зарбалар берилган.

Шунингдек, гуруҳларни амалий қўллаб-қувватлаш мақсадида навбатма-навбат артиллерия ва авиация зарбалари бериб турилган. Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳаво кучларига қарашли қирувчи самолётлар ва жанговар вертолётлар шартли душманнинг муҳим объектларини мўлжалга олган.

“Мудофаа чизиғида саф тортган ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик ва озарбойжонлик ҳарбий хизматчилар бир ёқадан бош чиқариб, бир мушт бўлиб белгиланган нишонларга қарата барча қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалардан қақшатқич зарбалар бердилар. 20 дан ортиқ ўқув жойларида олиб борилган биргаликдаги тактик ҳаракатларда ҳарбий хизматчилар жанговар шайлик даражаларини амалда намоён этиб, юқори натижалар кўрсатди”, дейилади хабарда.

Мазкур машғулотлар тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, халқаро терроризм, экстремизм каби глобал таҳдидларга қарши курашиш, ҳамкорликда аксилтеррор операциясини ўтказиш бўйича ўзаро илғор тажрибаларни алмашиш ва мустаҳкамлаш имконини берган.

Машғулотлардан сўнг меҳмонлар ҳарбий техникаларни мобил таъмирлаш устахонаси, Бригада тактик гуруҳининг қўмондонлик пункти, мудофаа саноатида модернизация қилинган техникалари билан яқиндан танишган. Шу билан бирга, делегация вакилларига “Каттақўрғон” дала-ўқув майдонида шахсий таркибнинг касбий тайёргарлик даражаларини янада оширишга, жанг олиб бориш сир-асрорларини чуқур ўрганишга, усул ва услубларни таҳлил қилишга мўлжалланган ўқув жойлари хусусида ҳам маълумотлар берилган.

Якунда “Бирлик–2025” минтақавий биргаликдаги ўқувида фаол қатнашган ҳарбий хизматчилар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланган.

“Хулоса қилиб айтганда, “Бирлик–2025” минтақавий ҳамкорлик тадбири нафақат иштирокчи қўшинларнинг жанговар тайёргарлиги ва ўзаро ҳамкорлигини оширишга, балки дўстлик, бирдамлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Ушбу тадбир қардош мамлакатлар ҳарбийлари ўртасидаги дўстона муносабатларни янада кучайтирди ҳамда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида муҳим амалий қадам бўлиб хизмат қилди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда Марказий Осиё давлатлари Мудофаа вазирлари учрашиб, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳарбий машғулот Марказий ҳарбий округ Каттақўрғон полигони Бирлик–2025

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг