Самарқанд яна мезбон: саммитдан нималар кутилмоқда?
Таҳлил
−
01 Апрель 9445 4 дақиқа
Икки кундан кейин Самарқандда илк “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бўлиб ўтади. Унда Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен иштирок этади ва учрашувга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилади. Тадбир Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирокида ўтказилади. Мақолада саммитга ҳозирлик ва ундан кутилмалар, шунингдек, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи муносабатлари ҳақида сўз боради.
Саммитда қандай масалалар кўтарилади?
Таъкидланишича, саммит давомида Европа Иттифоқи (ЕИ)нинг Марказий Осиё (МО) мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги мажбуриятини тасдиқлашни режалаштирмоқда.

Музокараларда
- транспорт ва рақамли боғлиқлик;
- стратегик хомашё;
- иқтисодиёт ва хавфсизлик;
- экологик тоза ва самарали энергия манбаларига ўтиш каби ўзаро манфаатли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
“Геосиёсий ландшафт ўзгараётган шароитда – Россиянинг Украина билан ноқонуний тажовузкор уруши ва Афғонистондаги давом этаётган воқеалар фонида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар тобора стратегик аҳамият касб этмоқда”, дейилади ЕИ ваколатхонаси баёнотида.
Саммитга ҳозирлик

Шу вақтгача ЕИ ва МО ўртасида икки маротаба раҳбарлар даражасидаги учрашув бўлиб ўтган. Хусусан, 2022 йилнинг 27 октябрида Остона шаҳрида Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон раҳбарлари ҳамда ўша вақтдаги Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель иштирокида учрашув бўлиб ўтган. Шу даражадаги иккинчи учрашув эса 2023 йилнинг 2 июнь куни Иссиқкўлнинг шимолий қирғоғидаги Чўлпонота шаҳрида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров раислигида ўтказилган. Бир неча нашрларда мазкур ҳар икки учрашув ҳам саммит деб аталган бўлса-да, ЕИнинг расмий сайтида булар “раҳбарлар даражасидаги учрашув” дейилган ва Самарқандда ўтказилиши кутилаётган саммит биринчиси экани айтилган. Шунингдек, саммит якунида раҳбарлар қўшма баёнот беришлари кутилаётгани қайд этилган.
Узоқ кутилган мазкур саммитнинг Ўзбекистонда ўтказилиши ҳақида дастлаб, 2023 йилнинг 22 сентябрида Брюгге шаҳрида МО давлатлари элчилари билан Европанинг етакчи дипломатия академияси ректори, Федерика Могерини (ЕИнинг 2014-2019 йиллардаги ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича собиқ олий вакили) ҳамда Дипломатия академияси тингловчилари ўртасида ўтказилган учрашувда маълум қилинганди. Ўтган вақт мобайнида ушбу саммитга катта тайёргарликлар кўрилди, дейиш мумкин.

Ёдингизда бўлса, шу йилнинг 21 январида Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар билан учрашганди. Билдирилишича, мулоқот давомида мазкур саммитга кўрилаётган икки томонлама тайёргарлик масалалари муҳокама қилинган.
“Жаноб Клаар аёлларнинг ҳуқуқий ҳимояси ва иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, у Ўзбекистон ўзининг бой тарихини асраб-авайлашини эътироф этиб, бу доимо ғурур ва миллий ўзликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади”, деб ёзганди Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.
Қолаверса, Президент Мирзиёев 27 март куни ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Суҳбатда мазкур тадбирларни ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган ва Ўзбекистоннинг ЕИ институтлари билан муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилган. Шунингдек, мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши масалалари муҳокама қилинган.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи муносабатлари
Ўзбекистон ва Европа Ҳамжамиятлари ўртасидаги муносабатлар 1992 йил 15 апрелда ўзаро англашув меморандумининг имзоланиши билан йўлга қўйилган. 1994 йил 16 ноябрда дипломатик муносабатлар ўрнатилди. 1995 йилдан бери Брюсселда Ўзбекистон элчихонаси фаолият кўрсатиб келмоқда, у ЕИ ҳузуридаги миссия вазифаларини ҳам бажаради. 2011 йилда Тошкентда ЕИнинг дипломатик ваколатхонаси очилди.
Ўзбекистон-ЕИ ўртасидаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ олтита қўшма орган – Ҳамкорлик кенгаши, Ҳамкорлик қўмитаси, Парламентлараро ҳамкорлик қўмитаси, Иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича қуйи қўмита, Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва тегишли масалалар бўйича қуйи қўмита, Ривожланиш мақсадларида ҳамкорлик бўйича қуйи қўмита ташкил этилган.
Таъкидлаш керакки, 2022 йилда ЕИ мамлакатлари билан умумий савдо ҳажми 4,5 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич қарийб 40 фоизга ошган. 2024 йилда эса Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард евродан ошди, Европа компаниялари билан лойиҳалар портфели 30 миллиард еврога етди. Ўтган йили ўта муҳим минерал ресурслар соҳасида стратегик шериклик тўғрисида битим имзоланди. Транспорт ва рақамли ўзаро боғлиқлик, “яшил” иқтисодиёт, маданият ва бошқа йўналишларда самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ЕИ мамлакатлари орасида Франция ва Германияни Ўзбекистон билан фаол алоқаларни ўрнатмоқда, дейиш мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, минтақалараро яқин ҳамкорликни таъминловчи юқори даражадаги бундай учрашувлар Ўзбекистон учун янги имкониятлар эшигини очиши мумкин.