Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Маккада ЙТҲга учради (видео)
Жамият
−
17 Июль 2023
39560Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ҳаж сафарида автоҳалокатга учради. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий Telegram-каналида унинг ўғли томонидан йўлланган видеомурожаатда маълум қилинди.
Айтилишича, Зайниддин Эшонқулов ҳақиқатан ҳам автоҳалокатга учраган, аммо у ҳақида тарқаган бошқа ҳар қандай хабарлар ёлғон.
Гап шундаки, ижтимоий тармоқларда вилоят бош имом-хатиби ЙТҲга учрагани ва уни даволатиш учун етарли маблағ бўлмагани сабаб одамлардан пул йиғилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Эшонқуловнинг ҳозир Ҳаж сафарида у билан бирга бўлиб турган ўғлига кўра, отасининг аҳволи яхши ва атрофдагилар билан доимий алоқада бўлиб турибди.
“Ушбу видеомурожаатни 2023 йил Макка шаҳридан оляпман. Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқуловнинг фарзанди, исмим Нуримом, Тошкент шаҳри ҳожиларига элликбоши сифатида ҳажга келган эдим. Аллоҳнинг синови бўлиб отамни автомашина туртиб юборди. Интернет тармоқларида ҳар хил ёлғон, бўрттирилган хабарлар тарқатилмоқда. Отамнинг аҳволи анча яхши. Доимо суҳбатлашиб турибмиз, мулоқотдамиз”, дейди Самарқанд вилояти бош имом-хатибининг ўғли.
Шунингдек, у ижтимоий тармоқларда тарқаётган ёлғон маълумотларга алданиб қолмасликка чақирган.
“Диний идорамиз раҳбарияти, диний қўмита раҳбарияти, қолаверса, Макка шаҳридаги ишчи гуруҳ доимо ҳол-аҳвол сўраб, назорат қилиб турибди. Интернетда отамнинг соғлиқлари учун пул йиғилгани ҳақида маълумот тарқатилибди, бу мутлақо ҳақиқатга зид. Икки давлат келишувларига асосан ҳар бир муолажа мутлақо бепул тарзда амалга оширилмоқда. Отамнинг аҳволлари жуда яхши. Иншааллоҳ, охирги рейсларга жавоб беришди врачлар”, дейди Нуримом.
LiveБарчаси