Самарқанд ва Навоийда деярли 300 млн сўмлик газ ва “свет” ўғирланди
3-саҳифа
−
09 Май 2023
5984Самарқанд ва Навоий вилоятининг бир нечта туманида табиий ресурс тармоқларини ноқонуний улаб олиб, ўғрилик содир қилган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълум қилди.
Хабарда айтилишича, Самарқанднинг Нуробод ва Нарпай туманида “А.Э.” МЧЖ ва “Б.П.” фермер хўжалиги масъул шахслари артизан қудуғи ва сув насосини ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига ўзбошимчалик билан улаб олган. Оқибатда 308,5 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Шунингдек, Навоийнинг Кармана туманида ҳам “К.И.” ва “Ф.П.” оилавий корхоналарининг масъул шахслари ушбу корхоналарга қарашли умумий овқатланиш шохобчаларини ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги газ тармоқларига ўзбошимчалик билан улаб олган. 150 минг куб табиий газдан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган. Умумий ҳисобда ушбу қонунбузилиш ҳолатлари оқибатида 289 млн сўм зарар етказилган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз , жорий йилнинг 3 март куни Олий Мажлис Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ўғрилик жинояти деб баҳоланиши учун “Энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокамаси бўлиб ўтганди.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси