Самарқанд шаҳри кенгайтирилади

Жамият

image

Самарқанд вилояти Оқдарё, Пайариқ, Пастдарғом, Тойлоқ ва Самарқанд туманидаги 17,5 минг гектар ҳудуд Самарқанд шаҳрига қўшиб берилади. Бунинг ҳисобига Самарқанд шаҳри аҳолиси 604 мингдан 882 мингга етади. Бу ҳақда кеча, 25 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ургут туманида бўлиб ўтган Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинди.

Аҳолиси ва даромади кундан-кунга ўсиб бораётган Самарқанд шаҳрида замонавий уй-жойларга бўлган талабни таъминлаш учун 3 та йирик массив танлаб олинди. Жумладан, “Ширин” массивида 180 минг, “Темирйўл орти” ҳудудида 100 минг, “Қорасув-2” массивида 30 минг аҳоли учун 700 дан ортиқ замонавий кўп қаватли уй барпо этилади.

Самарқанд шаҳридаги 49 та вилоят ташкилоти келаси йил “Ширин” массивига кўчади. Шу йил охиригача бу массивни шаҳар маркази билан боғловчи “Қорадарё” устидан ўтган 577 метрли кўприк ишга туширилади. Испаниялик инвесторлар билан хусусий шериклик асосида ушбу 3 та массивнинг канализация тизими янгиланади.

Шаҳарда юк транспорти ҳаракатини камайтириш мақсадида Оқдарё, Тойлоқ ва Самарқанд туманидан ўтувчи магистраль йўл бўйида 4 та логистика маркази барпо этилади.

Шунингдек, Ургут туманининг “Қуйи Камангарон” маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массивига туташ ҳудуддан 90 гектар қўшимча жой ажратиб, замонавий урбанистика асосида 100 минг аҳолига мўлжалланган замонавий эко-шаҳар барпо этилади. Янги шаҳарда йўл, сув, канализация, электр, мактаб, боғча, шифохона ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, тадбиркорлик лойиҳалари учун 50 миллион доллар ажратилади.

Янги шаҳарнинг 3 гектар майдонида туманнинг 35 та ташкилоти учун ягона маъмурий марказ қуриб берилади. Уларнинг бўшаган бинолари эса бизнес учун хусусий секторга таклиф қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнлари билан танишиш ҳамда келгусидаги вазифаларни фаоллар иштирокида белгилаб олиш учун Самарқанд вилоятига етиб борганди. Давлат раҳбари Самарқандга ташрифини таомилга кўра, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш билан бошлади. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди. Президент кейин Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида жойлашган Маҳдуми Аъзам мажмуасида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди. Мирзиёев Самарқандга ташрифи чоғида Ҳазрати Ҳизр мажмуасида ҳам бўлиб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасига гул қўйди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Самарқанд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг