Самарқанд “ГАИ”си ноқонуний жарима учун фуқарога товон тўлайдиган бўлди

Жамият

image

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан ҳайдовчининг фойдасига товон пули ундирилиши белгиланди. Бу ҳақда “Zarnews” фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьясига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, 2018 йил 17 май куни Анвар (исм ўзгартирилган) бошқариб келаётган Damas русумли автомашинани Оқдарё тумани Лойиш шаҳарчасига киришда вилоят ИИБ йўл ҳаракати бошқармаси ходими тўхтатган.

У ҳайдовчига “Йўл ҳаракати қоидаси”нинг 194 ва 56-бандларида кўрсатилган талабларни бузиб, сидирға чизиғи устида ҳаракатлангани учун маъмурий баённома расмийлаштирган. Оқдарё тумани ИИБ ЙҲХБ унга нисбатан МЖтК 128-моддасига асосан 86 минг 120 сўм маъмурий жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган.

Табиийки, Анвар жарима тўлашга мажбур бўлган. У ушбу ҳолатдан норози бўлиб, Оқдарё тумани маъмурий судига шикоят ариза билан мурожаат қилган. Суднинг ҳал қилув қарори билан юқорида келтирилган жарима тайинлаш ҳақидаги қарори бекор қилинган.

Шундан сўнг Анвар жарима қайтарилмаганлиги, ИИБ ЙҲХБ раҳбарияти ва бошқарма ходимининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида у ҳақиқат излаб идорама-идора югуришга мажбур бўлганлиги, фуқаролик ҳақ-ҳуқуқларини оёқ ости қилишлари оқибатида жуда катта маънавий зарар етганлиги, асаблари сурункали равишда бузилиб, соғлиғини йўқотгани учун фуқаролик судига даъво ариза қўзғатиб, моддий ва маънавий зарарни ундиришни сўраган.

Низо бошиданоқ Анвар тузилган маъмурий баённома юзасидан ўз ҳуқуқларини талаб қилган. У тегишли маъмурий баённомага эътирозларини ёзмоқчи бўлган, бироқ унга бундай имконият берилмаган.

Оқдарё тумани маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан юқорида келтирилган ҳолат бўйича Анвар асоссиз равишда, шошма-шошарлик билан маъмурий жазога тортилганлиги сабабли унга нисбатан тайинланган жарима жазоси бекор қилиниб, иш юритиш тўхтатилган.

Кассация инстанцияси суди Анварга ғайриқонуний маъмурий жазо тайинланиб, асоссиз равишда жаримага тортилганлиги оқибатида у маънавий қайғуриш ва ноқулайликни бошидан кечирганлигини, жаримани тўлаб моддий зарар кўрганлигини инобатга олиб, жавобгар Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бошқармасидан даъвогар Анвар фойдасига 86 минг 120 сўм моддий зарар, 1 миллион 500 минг сўм маънавий зарарни ундиришни белгилади. Шунингдек, 608 минг 190 сўм дастлаб тўланган давлат божи, 16 минг 190 сўм почта харажати ҳам ИИБ ЙҲХБдан ундириладиган бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд ЙҲХБ

Баҳолаганлар

405

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг