Самарқанд ҳокимлиги Турдимовнинг оқсоч аёллар ҳақидаги таклифи юзасидан изоҳ берди
Жамият
−
09 Октябрь 2020
18751Аввалроқ, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Ўзбекистон Президенти раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида вилоятда оқсоч аёллар тайёрлаш бўйича алоҳида марказ очиш таклифини билдиргани ҳақида хабар берган эдик.
Ижтимоий тармоқларда бу таклиф кескин муҳокама ва норозиликка сабаб бўлди. Бунинг ортидан Самарқанд вилояти ҳокимлиги Эркинжон Турдимовнинг таклифи юзасидан изоҳ берди.
Ҳокимлик эътиборни бугунги кунда меҳнат бозорида малакасиз ишчи кучи жуда кўплигига ва мамлакатда энагалик, оқсочлик хизмат турига эҳтиёж катта эканига қаратган. Бу эҳтиёжни эса айрим “тадбиркор”лар ўзининг тирикчилик манбаига айлантириб олган.
“Ҳозирда бу ишни айрим “тадбиркорлар” бизнесга айлантирган ҳолда, энага ва оқсоч топиб бериш “хизмати” кўрсатишни йўлга қўйиб олган. Аммо, улар бу хизматни кўрсатувчи аёлларимизнинг саломатлиги, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ҳеч қандай мажбуриятни ўз зиммасига олмаяпти ва кафолатламаяпти”, дея калаванинг бошқа учига эътибор қаратилади баёнотда.
Қайд этилишича, меҳнат бозорида уй юмушларига ва болалар парваришига кўмаклашадиган энага, оқсоч хизматига эҳтиёж бор эканми, мазкур фаолият турини қонунийлаштириш, яъни бу хизмат тури билан шуғулланишни истовчи аёлларга ўз ҳуқуқларини ўргатиш мақсадида ўқитиш, уларни уй-рўзғор ишларини юритиш бўйича малакасини оширишни амалга оширувчи махсус марказлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Мазкур марказларда малакасини оширган аёлларни қонуний асосда ташкил этиладиган махсус идора (фирма)лар орқали шартнома асосида хизмат кўрсатишларини йўлга қўйиш, уларни давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, нафақа ёшига етганларида пенсия олишларини кафолатлаш механизми яратилиши лозим.
“Бу орқали, чет мамлакатларда айнан шу хизмат тури билан шуғулланишни истовчи аёлларимизнинг ҳам қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кўзда тутилмоқда. Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирда Россия, Исроил, Туркия ва бошка кўплаб чет мамлакатларда аёлларимиз айнан шу хизмат тури билан шуғулланиб келишмоқда, лекин уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфатларини ҳимоя қилиш юзасидан бирор бир ҳужжатлар расмийлаштирилмаган. Бу эса, кўп ҳоларда уларнинг ҳуқуқлари бузилишига, камситилишига ва бошқа зўравонликлар (тазйиқлар остида қолишига) келиб чиқишига олиб келмоқда. Ҳаттоки, ҳозирда мазкур фаолият тури билан шуғулланувчилар сони ҳақида бирор бир идорада расмий маълумот мавжуд эмас.
Биз қайд этиб ўтган механизм асосида босқичма-босқич иш ташкил қилиниши, мазкур фаолият тури билан шуғулланаётганлар ҳақида аниқ ҳисоб юритилишига, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишига, бу борада жамоатчилик назорати ўрнатилиб, аёллар ва ёшларимизни касбга ўргатиш орқали, бошқа хизмат турлари билан шуғулланиши учун шароит яратади.
Қолаверса, бу хизматни кўрсатиш билан шуғулланишни истовчи аёлларимиз ўз қонуний ҳуқуқларини билишса, бугунги кунда уй-рўзғор ишларида ишлатиладиган замонавий техникаларни ишлатилишини ўрганишса, буни нимаси ёмон?”, дейилади ҳокимлик изоҳида.
Шу ўринда, айрим меҳмонхоналарда ҳам шундай фаолият билан шуғулланаётган хотин-қизларда тажриба ёки малака етишмаслиги оқибатида бирор хатоликка йўл қўйса, уларнинг қонуний ҳуқуқлари поймол этилаётганлиги каби ҳолатлар кўплаб кузатилаётганлиги ҳам таъкидланган.
“Албатта, биз қадрли опа-сингилларимизни энага, оқсочлик қилишларини тарғиб этмоқчи ёки буни оммалаштиришни таклиф қилмоқчи эмасмиз ва бу фикрдан мутлақо йироқмиз. Биз, юқорида қайд этиб ўтганимиздек, ушбу фаолият тури билан шуғулланиш истагида бўлган аёлларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонуний ҳимоя қилиниши ва бу борада жамоатчилик назорати ўрнатилиши лозим деб ҳисоблаймиз”, дейилади вилоят ҳокимлигининг муносабатида.
LiveБарчаси