Турдимов Самарқандда оқсоч аёллар тайёрлайдиган марказ ташкил этишни таклиф қилди
Жамият
−
09 Октябрь 2020
9432Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов вилоятда оқсоч аёллар тайёрлаш бўйича алоҳида марказ очиш таклифини билдирди. Бу ҳақда ҳоким кеча, 8 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида гапирди, деб хабар бермоқда видеоселекторда иштирок этган QALAMPIR.UZ мухбири.
Ҳокимнинг қайд этишича, Ўзбекистонда одамларнинг яшаш шароити ўзгариб бормоқда. Кўпчилик ишончли ва сифатли хизмат кўрсатадиган кундалик ёрдамчи аёллар меҳнатига эҳтиёж сезади. Бироқ, бу ишни бажариш ҳам аёллардан билим ва малака талаб этади.
Турдимов бу ҳақида гапираркан, бугунги кунда кўплаб ўзбекистонлик аёллар уй хизматлари ёки энагалик учун хорижга кетаётганини қайд этиб, айни вақтда Туркияда ўзбекистонлик аёлларни кўпроқ уй ишларига таклиф қилишаётганини қўшимча қилди. Шу боис у оқсочлар тайёрловчи марказ муҳимлигини айтди.
“Ҳозир чет элда ва ўзимизда уй юмушларини бажарадиган хотин-қизларга талаб ортган. Самарқанддан кўплаб аёллар Туркияга бориб, уйларда боқувчилик қилишмоқда. Ўзимизда ҳам бундай ёрдамчи аёлларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Лекин бизда бундай касб эгаларини тайёрлайдиган марказлар мавжуд эмас. Мен шундай марказлар фаолиятини ташкил этишни таклиф қиламан”, дейди Турдимов.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг ушбу таклифини қўллаб-қувватлаб, бу йўналишда Самарқанд тажрибасини республика бўйлаб жорий этишни буюрди.
Маълумот ўрнида, айни вақтда Туркиянинг Истанбул шаҳрида 300 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар ишламоқда. Уларнинг асосий қисмини аёллар ташкил этади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь