Самарқандда емакхоналарга яроқсиз гўшт тарқатилгани аниқланди

Жамият

image

Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги умумий овқатланиш шахобчаларига истеъмолга яроқсиз парранда гўшти тарқатилгани маълум бўлди.

“Зарафшон” газетасининг ёзишича, мазкур парранда гўштларини Оқдарё туманидаги "Улуғбек" маҳалласида яшовчи Умар Ортиқов Ургут туманидан олиб келган. Маълум бўлишича, у парранда гўштини етказиб бериш фаолияти билан доимий шуғулланган бўлса-да, тадбиркорлик фаолиятини расмийлаштирмаган.  

Жорий  йилнинг 22 февраль куни у Лойиш шаҳридаги "Шарқ" кафесига бир неча қутида (бир қутида 18-20 та) товуқ гўшти олиб келади. Маҳсулотнинг сифатидан  шубҳаланган кафе ходимлари уни олишдан бош тортгач,  У.Ортиқов гўштни шаҳарчанинг "Ўзбекистон" кўчасида жойлашган  бошқа ошхонага келтиради.  

Лекин ошхона бекаси Баҳора Абдуҳамидова товуқ гўштини кўриб, истеъмолга яроқсизлигини кўради, орада келишмовчилик  келиб чиқади. Натижада Б.Абдуҳамидова Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмасининг Оқдарё туман жамиятига шикоят аризаси билан  мурожаат қилади.

Мурожаатга мувофиқ, парранда гўшти лаборатория текширувидан ўтказилганда, унда инсон саломатлигига зарар етказувчи 157 турдаги микроб ва бактериялар аниқланган. Тарқатилган парранда гўшти зудлик билан тегишли тартибда йўқ қилинган. 

Фуқарога  тегишли чора кўрилиши учун ҳужжатлар тайёрланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилгани хабар қилинмоқда. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

парранда гўшт самарқанд

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг