“Саломга яраша алик”. АҚШ россиялик дипломатларни қувди
Олам
−
07 Октябрь 2023
9740АҚШ Давлат департаменти Москва томонидан АҚШ элчихонасининг икки юқори мартабали мулозимини чиқариб юбориш қарорига жавобан икки россиялик дипломатни персона нон грата деб эълон қилди. Бу ҳақда BBC Америка ТИВ матбуот хизматига таяниб хабар берди.
“Давлат департаменти Россия ҳукуматининг дипломатларимизга нисбатан номақбул хатти-ҳаракатларига тоқат қила олмайди”, дейилган идоранинг бу ҳақдаги баёнотида.
Бу билан Вашингтон Москвага “Ҳар бир “қора” иши учун жавоб берилиши ҳақида мессеж жўнатяпти”, дея қўшимча қилинган.
Мамлакатдан чиқариб юбориладиган Россия элчихонаси ходимларининг исм-шарифлари ва лавозимлари ошкор этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 14 сентябр куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Москвадаги элчихонаси биринчи ва иккинчи котиблари Жеффри Силлин ва Дэвид Бернстайнни персона нон грата деб эълон қилди.
Уларнинг исмлари ФСБ томонидан Американинг Владивостокдаги бош консуллиги собиқ ходими Роберт Шоновга қўйилган айбловларда кўрсатилган. Роберт Шоновнинг ҳибсга олингани май ойида маълум бўлганди.
Маълумотларга кўра, Шонов Қўшма Штатлар элчихонаси ходимларининг кўрсатмаларига биноан уруш, сафарбарлик ва норозилик ҳаракатлари ҳақида маълумот тўплаган.