Салоҳ Африка Миллатлар кубогида жароҳат олди
Спорт
−
19 Январь
3205Кеча, 18 январь куни футбол бўйича Африка Миллатлар кубоги доирасидаги Миср-Гана (2:2) ўйинида “Ливерпуль” юлдузи Муҳаммад Салоҳ жароҳат олиб, учрашувни эрта якунлашга мажбур бўлди. Футболчининг ҳолати бўйича мисрликлар устози Руи Витория маълумот берди.
Португалиялик мураббий ҳужумчининг жароҳати жиддий эмаслигини айтиб ўтди. Витория Салоҳнинг навбатдаги тур доирасида Мозамбикка қарши ўйинга тайёр бўлишига умид қилмоқда.
“Салоҳда катта муаммо йўқ. Лекин биринчи бўлимда қийинчиликлар бўлди, чунки биз битта катта фигурамизни йўқотдик. Ҳозир мен Салоҳнинг жароҳати қай даражада жиддийлигини билмайман, бир нарса дейишга ҳали эрта. Ўйлашимча, бу ҳолат жиддий эмас, у кейинги ўйинда тузалиб кетади, деган умиддаман”, дейди Витория.
Жорий мавсумда Салоҳ “Ливерпуль” сафида барча мусобақаларда 18 та гол урди ва 9 та голли узатмани амалга оширди.
Миср терма жамоаси 22 январь куни Мозамбик терма жамоасига қарши майдонга тушади. Турнирнинг дастлабки икки учрашувида Руи Витория шогирдлари 2 очкони қўлга киритди.
LiveБарчаси