Саидакбархон Акбаров лавозимидан кетганмиди ё кетказилганди?

Жамият 26829
image

2018 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри фаоллари билан учрашувда Тошкент Халқаро Вестминистер университетининг 4-босқич талабаси Саидакбархон Акбаровни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинлаган эди. Бу эса мамлакатда Акбаров фонида кўплаб ёшларда мотивация ва ислоҳотларга ишончни уйғотди. Бироқ, орадан бир йил ўтиб, 2019 йилнинг сентябрь ойида Акбаров лавозимини тарк этди.

Ўша вақтда Саидакбархон Акбаровнинг мансаб курсинини тарк этиши сабаби айтилмади. У кетдими ё кетказилди? Бу ҳақдаги савол билан QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова “Tashkent city”даги Congress Hall мажмуасида ўтаётган “Тошкент ёшлар форуми — 2020”да Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовга юзланди. 

“Бу йигитимиз ишга жуда яхши киришди. Бу жуда юқори лавозим ва катта масъулият талаб қилади. Бунақа лавозимда ишлаган одам бутун вақтини ишга бағишлаши керак. Афсуски, у йигит ўша даврда ҳали дипломга эга эмасди. Ва ўз хоҳиши билан лавозимидан кетди. У “мен дипломсиз қолишим мумкин эмас, менга имконият беринглар, олий таълим муассасасини тамомлаб, дипломимни олмоқчиман ва фаолиятимни бизнесда давом эттирмоқчиман”, деб айтди. Бу ҳам у учун синов бўлди. 

Ҳар бир инсон ўзини зўрлай олмайди. У учун ҳам бундай лавозим, масъулият ва ваколат оғир бўлди. Тўғрисини айтсак, бирорта вазирлик ё идоранинг раис муовини, ўринбосари бўлиш учун жуда катта ҳаётий тажриба бўлиши керак. Бу биз учун ҳам синов бўлди. Биз, шахсан ўзим бу йигитга ёрдам беришга жуда кўп ҳаракат қилдик. Лекин, унинг хоҳишига қаршилик қилсак ҳам нотўғри бўлар эди. Бу ўзи англаган ҳолда унинг танлови бўлди”, дейди Азиз Абдуҳакимов. 

Маълумот ўрнида, Саидакбархон Акбаров 2013 йилдан 2018 йилгача ўқув марказлари тизмини бошқарган. Акбаров Германиянинг Гамбург шаҳрида ўтган БМТ конференциясида иштирок этган.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 915
Рейтинг: 3
t
×