Саида Мирзиёева Савицкий музейининг янги директорини табриклади
Жамият
−
08 Июль 2019
3975Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева Нукусда жойлашган И.В.Савицкий номидаги Давлат санъат музейи директорлиги учун ўтказилган танловда ғалаба қозонган Тигран Мкртичевни табриклади.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган Музейлар реновация дастурига мувофиқ яқинда Нукусда жойлашган И.В.Савицкий номидаги Давлат санъат музейи директори лавозимига халқаро танлов ўтказилди.
Танловда санъатшунослик фанлари доктори, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган маданият ходими, 20 дан ортиқ халқаро кўргазмалар куратори, музей иши соҳасидаги халқаро эксперт Тигран Мкртичев ғалаба қозонди.
Ушбу музей мамлакатимиздаги энг йириклардан бири бўлиб, ҳақли равишда “саҳродаги Лувр” номи билан машҳур. Ушбу даргоҳда рус авангардига мансуб асарларнинг аҳамияти ва ҳажмига кўра жаҳонда иккинчи саналган коллекция ҳамда Осиё қитъасидаги энг намунали деб ҳисобланган бадиий коллекция сақланади.
Музейларда раҳбар лавозимларига тайинлашда янги - очиқ танлов ўтказиш амалиёти қўлланаётгани алоҳида эътиборга молик. Бундай муҳим қарорларни қабул қилишда очиқлик ва шаффофликка риоя қилиниши адолатли равишда муносиб номзодни танлашга хизмат қилади.
Музей фаолиятида янги саҳифа очилаётганига, унинг ноёб коллекцияси асраб-авайлаб сақланишига хизмат қиладиган янги тараққиёт босқичи бошланганига ишончим комил.
Ҳурматли Тигран Константиновични тайинлов билан муборакбод этиб, музейни ривожлантириш йўлида муваффақиятлар ва ёрқин ижодий зафарлар тилаб қоламан!”, деган Саида Мирзиёева ўз табригида.
LiveБарчаси