Саида Мирзиёева пойтахтдаги вазият бўйича шошилинч йиғилиш ўтказди

Жамият

image

Бугун, 24 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Администрация ҳамда алоқадор идоралар раҳбарияти иштирокида Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Йиғилишда сўнгги кунларда кузатилаётган ҳаво ифлосланиши даражаси чуқур ташвиш уйғотаётгани, пойтахт аҳолисини ҳақли равишда хавотирга солаётгани, бу ҳолат тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб этаётгани қайд этилган.

Администрация раҳбари масъулларнинг атмосфера ҳавосининг ҳозирги ҳолати, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар, жамоатчиликнинг таклиф ва ташаббуслари тўғрисидаги ҳисоботларини тинглаган. Мавжуд вазиятга таъсир кўрсатаётган асосий омиллар, одамлар саломатлиги ва экологияга салбий таъсирни камайтириш йўллари атрофлича кўриб чиқилган.

“Йиғилишда ўрнатилган меъёрлар бузилган ҳолларда ҳавони ифлослантираётган ишлаб чиқаришларга қарши қатъий чоралар кўриш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Одамлар саломатлиги ҳақида гап кетганда, муросага ўрин йўқлиги ва бу тамойил давлат учун ҳам, бизнес учун ҳам бирдек амал қилиши кераклиги қайд этилди”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, Саида Мирзиёева шу кунларда тезкор тартибда ишлаб чиқилган эксперт хулосаларига асосланиб, яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган, тезкор чоралардан тортиб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олишга қаратилган тизимли ечимларгача қамраб олган комплекс таклифларни илгари сурган.

Хусусан, Президент Администрацияси раҳбари томонидан экологик назоратни кучайтириш, ифлослантирувчи объектлар фаолиятини чеклаш, қурилишга қўйиладиган талабларни қатъийлаштириш, шаҳарни кенг кўламда кўкаламзорлаштириш ва ҳаво сифатини назорат қилишнинг замонавий тизимини яратиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

“Ушбу чора-тадбирлар яқин орада давлатимиз раҳбарига кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси учун асос бўлиб хизмат қилади”, дейилади хабарда.

Қайд этиш жоиз, сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ҳаво сифатининг бузилиши бўйича дунёда етакчи шаҳарлар қаторида турибди. Масалан, 11 ноябрь куни Тошкент ва Андижон шаҳарларида ҳаводаги зарарли чанг миқдори меъёрдан анча ортиб кетганди. 16 ноябрь куни ҳам Тошкент атмосферасидаги майда заррачалар миқдори меъёрдан бир неча баравар ошди. 20 ноябрь куни Ўзбекистон пойтахти дунёнинг йирик шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича 2-ўринга чиқди. Мутахассислар ифлосланишнинг ортишини кескин ҳарорат ўзгаришлари туфайли юзага келган инверсия билан боғлиқ эканини айтмоқда. Бундай шароитда зарарли зарралар ерга яқин ҳаво қатламида тўпланиб қолади. Ҳаво сифатини яхшилаш учун пойтахтнинг Яккасарой туманида жойлашган Тошкент иссиқлик электр марказида мазутдан воз кечилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ пойтахт Тошкентда дарахтлар сонини кўпайтириш, экологик вазиятни барқарорлаштириш ва атмосфера ҳавосини тозалаш мақсадида “Яшил белбоғ” ва “Яшил коридор” лойиҳалари амалга оширилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Саида Мирзиёева Президент Администрацияси экология

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг