Саида Мирзиёева Кир Стармернинг маслаҳатчиси билан учрашди
Жамият
−
22:06 277 2 дақиқа
Бугун, 18 май куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Лондонда сиёсатчилар ва молия ташкилотлари раҳбарлари билан учрашди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унинг билдиришича, Лондонда Буюк Британия Бош вазири Кир Стармернинг инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Варун Чандра ҳамда Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича савдо вакили лорд Жон Олдердайс билан учрашув бўлиб ўтган. Мулоқот чоғида UzNIF фондининг жаҳон бозорларига муваффақиятли кириб боргани ҳамда Британия ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши муттасил ортиб бораётгани муҳокама қилинган.

“Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизга йўналтирилган инвестициялар миқдори аллақачон бир миллиард доллардан ошган”, дейди Саида Мирзиёева.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари дунёдаги активларни бошқарувчи энг йирик компаниялардан бири – Franklin Templeton бош ижрочи директори Женни Жонсон билан учрашув ўтказган. Учрашувда Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш, молиявий бошқарув соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро клиринг тизимлари билан интеграциялашув ҳамда Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида келишувга эришилган.

“Жонсон хоним IPO’га тайёргарликдек мураккаб жараённи жуда қисқа муддатда амалга оширганимизни ҳамда компанияларимиз акциялари савдоси аъло даражадаги натижалар кўрсатаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди”, дейди Саида Мирзиёева.
Бундан ташқари, Лондон фонд биржаси (LSE) бош ижрочи директори Жулия Энн Хоггетт билан учрашувда Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг LSE платформасига муваффақиятли чиққани, шунингдек, барқарор молиялаштириш, ESG стандартлари, “яшил” облигациялар ҳамда ўзбек компанияларини глобал бозорларда ишлашга тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Хоггеттнинг сўзларига кўра, бу Лондон биржасида сўнгги 5 йил ичидаги энг йирик IPO жойлаштируви бўлиб, Ўзбекистон жадал ривожланиб бораётганининг ёрқин кўрсаткичи ҳисобланади.
“Бундай муваффақият глобал инвесторлар Президентимиз ислоҳотлари натижасини амалда кўраётгани ва мамлакатимиз иқтисодиётига ишонч билдираётганини яққол тасдиқлайди”, дейди Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева Лондон фонд биржасида мамлакат акцияларининг тарихда илк бор халқаро оммавий савдога чиқарилиш маросимида иштирок этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси