Саида Мирзиёева битирувчиларга медаль, МТБ раҳбарларига эса машина топширди
Жамият
−
20 Июнь
9834Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева кеча, 19 июнь куни Самарқанд вилоятида бўлди ва мактаб битирувчиларига олтин медаллар, Мактабгача таълим вазирлигининг ҳудудий бошқармалари раҳбарларига хизмат автомашиналарини топширди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ёзди.
“Кеча биз Самарқанддаги 71-мактабда бўлдик, ушбу зиё маскани ёрқин натижаларни намоён этмоқда: битирувчилар орасида медаль олаётган ва халқаро таълим муассасаларига ўқишга кираётган ёшлар кўп. Ўтган йили эса мазкур даргоҳнинг барча битирувчилари олий ўқув юртлари имтиҳонидан ўтиб, талабаликка қабул қилинди. Ушбу мактабни ва Самарқанддаги бошқа мактабларни аъло баҳолар билан битирган ўқувчиларга олтин медалларни топшириш менга катта мамнуният бағишлади”, деб ёзади Мирзиёева.
Шунингдек, Президент топшириғига биноан, Қўшработ туманидаги ўқувчилар учун 17 та янги мактаб-автобуси тақдим этилди. Ушбу совға тумандаги 20 та олис мактабда таҳсил олаётган 750 нафардан зиёд ўқувчига хавфсиз ва қулай тарзда ўз синфхоналарига етиб бориш имконини беради.
“Биз ҳар бир бола, қаерда яшашидан қатъи назар, сифатли, замонавий ва муносиб таълим олиш имкониятига эга бўлишини жуда истаймиз ҳамда бунга эришиш учун барча саъй-ҳаракатларимизни йўналтирамиз.
Мен учун фарзандларимизнинг самимий ва беғубор ҳис-туйғуларини ҳамда чақнаб турган кўзларини кўришдан кўра кучлироқ илҳомлантирувчи нарса йўқ”, дейди Президент ёрдамчиси.
Шу куни Самарқанд шаҳридаги “Боқий шаҳар” мажмуасида “Турон” театр кўрик-танлови ғолибларининг тақдирланиши, “Иқтидор” танлови финалчилари — мактаб ансамблларининг ёрқин чиқишлари бўлди ва Саида Мирзиёева ушбу тадбирда ҳам иштирок этди. Унга қизи Саодатхон, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ҳамроҳлик қилди.
Ушбу тадбир олдидан Мактабгача таълим вазирлигининг ҳудудий бошқармалари раҳбарларига хизмат автомашиналари топширилди.
LiveБарчаси
Доллар курси яна ошди.
15 Июль
Москва яна сув остида қолди.
15 Июль