Сафоев қирғизистонлик депутат билан чегарадаги можарони муҳокама қилди

Жамият

image

Кеча, 4 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон-Қирғизистон парламентлараро ҳамкорлик комиссияси ҳамраиси Содиқ Сафоев Қирғизистон Жокорку Кенеши Торағаси (спикери) ўринбосари, ушбу Парламентлараро комиссия ҳамраиси Мирлан Бакиров билан видеомулоқот тарзида суҳбатлашди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат давомида икки давлат чегарасида юз берган сўнгги воқеалар жиддий хавотир уйғотаётгани тўғрисида сўз юритилди.

Бу вазиятда парламент аъзолари четда турмаслиги лозимлиги қайд этилди. Улар ҳукумат ва ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик органлари билан биргаликда бу борада ҳар томонлама кўмаклашиш, чегарадош туманларда барқарор ҳолатни мустаҳкамлаш юзасидан фаол иш олиб бориши лозим.

Шу муносабат билан тез орада Парламентлараро ҳамкорлик комиссиясининг навбатдаги мажлисини ўтказиш таклиф этилди.

Ўз навбатида, Қирғизистон парламенти спикери ўринбосари, Парламентлараро ҳамкорлик комиссияси ҳамраиси Мирлан Бакиров икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги жиҳатларини юксак баҳолаши ва қадрлашини таъкидлади. “Янги аҳамият касб этган ҳамкорлигимизни кўз қорачиғимиздек асрашимиз керак”, деди у.

Бундан ташқари, Мирлан Бакиров рўй берган воқеа хусусида парламент дипломатияси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари ресурсидан фойдаланиш муҳимлигини қўллаб-қувватлади.

Томонлар Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлараро мулоқот икки мамлакат халқлари ўртасида ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Суҳбат чоғида икки мамлакат раҳбарлари томонидан олиб борилаётган сиёсат ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсий саъй-ҳаракатлари натижасида икки томонлама ҳамкорлик сифат нуқтаи назардан янги поғонага кўтарилганлиги қайд этилди. Эришилган ҳамкорликнинг янги даражаси, айниқса, пандемия шароитида ўзаро кўрсатилган ёрдам туфайли яққол намоён бўлганлиги таъкидланди.

Суҳбат якунида томонлар икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мунтазам мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара ҳудудидаги аҳоли ўртасида Чашма булоғининг сувидан фойдаланиш устида можаро келиб чиқди. Икки ўртадаги жанжалда Ўзбекистондан 187 киши яраланган, Қирғизистондан 25 киши жабрланган. Бир нечта уйга ўт қўйиб юборилган.

Юз берган тўқнашув бўйича Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов учрашув ўтказиб, тергов ҳаракатини биргаликда олиб боришга келишиб олди.

Музокарадан кейин Арипов сўхликлар билан учрашувда Қирғизистон вакилидан Риштон-Сўх коридорини очиш масаласини кўриб чиқишни сўраганини маълум қилди.

Аммо кейин қирғизистонлик депутат Ўзбекистоннинг ўз анклави билан боғланиши учун ҳеч қачон имкон берилмаслигини, бу масалани Қирғизистон ўзи ҳал қилишини айтиб чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Қирғизистон Сўх

Баҳолаганлар

129

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг