Жапаров билан дўстлигимизни фақат ўлим бузиши мумкин – Ташиев
Олам
−
08 Январь 10514 2 дақиқа
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Қамчибек Ташиев ҳокимият учун Президентликка интилмаслигини айтди. Бу ҳақда у мамлакат Президенти Садир Жапаров фаолиятининг 5 йиллиги муносабати билан тайёрланган 4 қисмдан иборат “Президент” ҳужжатли фильмида айтиб ўтди.
Қамчибек Ташиев Садир Жапаров билан дўстлиги кўплаб синовлардан ўтганини айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, уларнинг тандемини бузишни истайдиган ёмон ниятли одамлар ҳам бор. Шунга қарамай, Ташиев уларнинг шахсий дўстлиги ва сиёсий иттифоқи мустаҳкамлигича қолаётганини урғулаган.
“Мен билан Садир Нурғожоевич ўртасидаги муносабатлар, сиёсатдаги йўлимиз, ҳаётга бўлган қарашларимиз бир – буни Яратганнинг ўзи кўриб турибди. Биз бир-биримизни бойлик, ҳокимиятни сақлаб қолиш ёки таъсир кучи учун қўллаб-қувватламаймиз. Бизни инсоний фазилатлар, қадриятлар ва манфаатларнинг муштараклиги бирлаштиради. Бизнинг асосий манфаатимиз – ватанга, қирғиз халқига бўлган муҳаббат. Шу жиҳатда биз бир-биримизга мос келдик.
Кўпчилик сиёсатда дўстлик бўлмайди, дейди. Турли одамлар бизни бир-биримизга қарши қўйишга уринади, бунинг учун турли режалар тузади. Улар биз жанжаллашсак, бундан ўзларига нимадир тегади, деб ўйлашади. Бундай умидлар уларда илгари ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Аммо бу умидларнинг барчаси тошга урилгандек чил-парчин бўлади. Яна бир бор айтаман: мени Садир Нурғожоевичнинг ҳокимияти ҳам, президентлик ҳам қизиқтирмайди”, дейди у.
Ташиевнинг айтишича, унда Садир Жапаровдан ҳокимиятни тортиб олиб, ўзи президент бўлиши ҳақида фикр йўқ.
“Орамизда ҳеч қандай келишмовчилик йўқ ва айнан шу туфайли бугун давлат ривожланмоқда, кўплаб муаммолар ҳал этилмоқда. Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Фақат ўлимгина бизнинг дўстлигимизни бузиши мумкин. Бошқа сабаб йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Худо хоҳласа, биз ҳар доим шундай ишлаймиз”, дейди Ташиев.
Эслатиб ўтамиз, Садир Жапаров 4 қисмдан иборат “Президент” ҳужжатли фильмда Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп йиллик чегара муаммоси, ҳатто, қон тўкилишига олиб келган жанжалнинг ҳал этилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳиссаси катта эканини айтганди.
Live
Барчаси