Саакашвили қамоқхонадан шифохонага ўтказилади 

Олам

image

Грузия Адлия вазирлиги собиқ Президент Михаил Саакашвилини тиббий кўрикдан ўтказиш учун қамоқдан “Вивамед” хусусий клиникасига ўтказишга қарор қилди. Бу ҳақда Адлия вазири Рати Брегадзе маълум қилди.  

“Масъулиятли давлат сифатида биз ҳар доим ҳар қандай инсоннинг соғлиғи ва ҳаёти манфаатларини кўзлаб иш тутамиз. Шунга кўра, ҳар қандай бошқа маҳбусда бўлгани каби, юзага келиши мумкин бўлган асоратларнинг олдини олиш учун Михаил Саакашвилини “Вивамед”га олиб бориш таклиф этилади”, деган Брегадзе. 

Унинг қўшимча қилишича, бундай қарор Саакашвилининг қамоқхонада даволанишдан қисман бош тортгани, шунингдек, танлаб овқат ейиши сабабли қабул қилинган. 

Ўтган йилнинг октябрь ойидаги муниципал сайловлардан бир кун олдин Грузияга яширинча келган Саакашвили ҳибсга олиниб, Рустави шаҳридаги қамоқхонага жойлаштирилган. У ўзини сиёсий маҳбус деб ҳисоблаб, дарҳол очлик эълон қилган. Собиқ Президентнинг соғлиғи ёмонлашганидан сўнг у аввалига Тбилиси чеккасидаги қамоқхона шифохонасига, сўнгра Гори шаҳридаги шифохонага ўтказилган. Ўтган йилнинг декабрь ойида у яна Руставидаги қамоқхонага олиб кетилган. 

Собиқ Президент қамоқхонада оғир касалликларга чалинганини бир неча бор таъкидлаган. Жорий йилнинг 20 апрель куни бўлиб ўтган суд мажлисида у ўзини ёмон ҳис қилган ва шифокордан ёрдам сўраган, шу сабабли судья мажлисни тўхтатишга мажбур бўлган. 

Саакашвилининг адвокатлари ва тарафдорлари расмийлардан уни даволаниш учун хорижга олиб кетишни талаб қилмоқда. 27 апрель куни Грузия Омбудсмани ҳузурида тузилган шифокорлар кенгаши Саакашвилида оқсил очлиги борлиги ҳақида ҳисобот эълон қилган. 

Сиёсатчи банкир Сандро Гиргвлиани ўлдирилиши ва депутат Валерий Гелашвилининг калтакланиши бўйича ишлар доирасида сиртдан судланган. Биринчи ҳолатда Саакашвили уч йилга, иккинчисида олти йилга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, у 2007 йил 7 ноябрдаги мухолифат митингини тарқатиш, “Имеди” телекомпаниясидаги талончилик ва давлат бюджети маблағларини ўғирлаш ишлари бўйича айбланувчи, улар ҳали ҳам судларда кўриб чиқилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Саакашвили

Баҳолаганлар

59

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг