Саакашвили Ҳукуматга ҳийла қиляптими? Шифокорлар унинг судда қатнашишига рухсат бермаяпти

Олам

image

Шифокорлар соғлиғи ҳолатини баҳона қилиб, Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини 28 ноябрь куни бўлиб ўтадиган судда иштирок этиш учун шифохонадан чиқишига рухсат бермади. 

Бирлашган миллий ҳаракат (БМҲ) партиясида шифокорларнинг бундай қарорга келиш сабаблари ҳақида турлича фикрлар билдирилди. Айрим партия вакилларининг айтишича, шифокорлар собиқ президентни олиб кетиш оқибатлари учун жавобгарликни ўз зиммаларига олмайдилар. 

БМҲнинг яна бир қисми, жумладан, партия раиси Ника Мелия шифокорлар ҳукуматнинг кўрсатмалари асосида ҳаракат қилганига ишонч билдирди. Хусусан, собиқ президентнинг партиядошларига кўра, ҳукмрон партия одамлар Саакашвилини ногиронлар аравачасида кўришидан ва собиқ президент тарафдорлари бир неча ойдан бери гапираётган ҳақиқатга ишонч ҳосил қилишидан чўчиган. 

“Агар у суд залида пайдо бўлса, унинг соғлиғи Иванишвили тизими томонидан бузилгани маълум бўлади”, дейди Мелия журналистларга. 

Эслатиб ўтамиз, ҳукмрон "Грузия орзуси" асосчиси, миллиардер Бидзина Иванишвили сиёсатдан деярли икки йил олдин расман нафақага чиққан эди. Аммо, рақибларининг фикрича, у мамлакатни “парда ортидан” бошқаришда давом этмоқда. 

Расмийлар томонидан қидирувга берилган Михаил Саакашвили Грузияга 2021 йил 29 сентябрда яширинча келган ва 1 октябрда ҳибсга олинган. Бунгача Тбилиси суди собиқ президентни мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айблаб, сиртдан ҳукм чиқарган эди. Саакашвили ўзига қўйилган барча айбловлар сиёсий сабабларга кўралиги ва у “Путиннинг шахсий маҳбуси” эканини даъво қилмоқда. 

Саакашвили қамоқда ўтирган бир йил давомида икки марта очлик эълон қилган. Натижада, унга анорексия, бир қатор озиқ-овқатларга тоқат қилмаслик ва стрессдан кейинги депрессия фонида мушак массасининг пасайиши ташхиси қўйилган. Май ойидан бери Саакашвили Тбилисидаги хусусий шифохонада ҳибсда сақланмоқда. Собиқ президентнинг тарафдорлари Грузияда унга ташхис қўйилган касалликларни даволашда етарлича тажриба йўқлигини таъкидлаб, уни хорижга кўчиришни талаб қилмоқда, улар айтишларича, унга тегишли тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин. Михаил Саакашвилининг соғлиғи ҳақидаги тиббий хулоса якуний бўлгач, унинг адвокатлари собиқ президентни ҳибсдан озод этиш ёки муҳлат беришни талаб қилиб, судга бориш ниятида. 

Грузия Омбудсмани Нино Ломжария 28 ноябрь куни Саакашвилини кўргани шифохонага борди. У Грузиянинг собиқ президентининг соғлиғи сезиларли даражада ёмонлашганини тасдиқлади. 

“Саакашвили – юра олмайдиган, деярли икки ойдан бери ётиб, ўтира олмайдиган, организмнинг нормал ишлаши учун етарли бўлмаган кичик дозаларни истеъмол қиладиган, бир неча ой давомида иситмаси кўтарилган, гапиришга қийналадиган оғир касал бемор. Биз жуда қисқа суҳбатлашдик, чунки у жуда чарчаган эди. Шифокорлар унинг аҳволи яхшиланмаётганини тасдиқлашди, аксинча, тескари тенденция мавжуд. Ўйлайманки, жамоатчилик бундан хабардор бўлиши керак”, дейди Омбудсман. 

Ҳукмрон “Грузия орзуси” аввалига мухолифатнинг Саакашвилининг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги даъволарига ишонмаган бўлса-да, сўнгги бир неча йил ичида ҳокимиятдаги партия вакилларининг изоҳлари унчалик кескин бўлмаган. 

Айни пайтда “Грузия орзуси” мухолифат Саакашвилининг соғлиғи билан боғлиқ мавзудан сиёсий мақсадларда фойдаланишга уринаётганини даъво қилмоқда. 

Саакашвили касал бўлган бир пайтда Бирлашган миллий ҳаракатда бўлиниш юз берди. Натижада партиядаги турли гуруҳлар бир-бирига тўғри келмайдиган, жумладан, Грузиянинг собиқ президенти ҳақида ҳам баёнотлар бермоқда. 

БМҲ раислигига номзодлардан бири Леван Хабеишвили Саакашвили тарафдорларини 3 декабрь куни Тбилисида Михаил Саакашвилини хорижга кўчириш талаби билан митинг ўтказишга чақирди. 

Шу билан бирга, БМҲ етакчиларидан бири, Саакашвилининг ишончли одами, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари модераторларидан бири Эка Херхеулидзе бундай митинг ўтказишга қарши чиқиб, мамлакатнинг собиқ президенти соғлиғи билан боғлиқ вазиятни сиёсийлаштирмасликка чақирди. 

“Михаил Саакашвили ўзини сиёсатдан узоқлаштирмоқчи. У барча тарафдорларидан соғлиғига эътибор қаратишни ва бу масалани сиёсат билан боғламасликни сўрайди”, дейди Херхеулидзе. 

Саакашвилининг Грузия сиёсатига қизиқиши йўқолгани ва у бутунлай Украинадаги воқеаларга эътибор қаратгани ҳақида аввалроқ унинг адвокати, шунингдек, Грузия собиқ президентининг оила аъзолари айтган эди. 

Шу билан бирга, Михаил Саакашвилининг рақиблари унинг Грузия сиёсатини тарк этишга қарор қилганига ишонмаяпти. Уларнинг таъкидлашича, бу собиқ президентнинг ҳукуматни ишонтириш учун қилган ҳийласи.

АҚШнинг Грузиядаги элчиси Келли Дегнан оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларида Саакашвилининг ҳибсга олиниши масаласига бир неча бор изоҳ бериб, Грузиянинг собиқ президенти, қамоқдаги ҳар қандай фуқаро сингари, мамлакат конституцияси билан кафолатланган барча ҳуқуқларидан фойдаланиши Қўшма Штатлар учун муҳимлигини таъкидлади. Дегнан Қўшма Штатлар Михаил Саакашвилининг соғлиғини кузатишда давом этишини айтди. 

“Саакашвили Грузиянинг ҳар бир фуқаросига муносиб бўлган ва Грузия Конституциясида кафолатланган нарсаларни олиши учун биз бу йўналишдаги мониторингни давом эттирамиз”, дейди элчи.


Мақола муаллифи

Теглар

Михаил Саакашвили

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг