“S&P Global Ratings”: Ўзбекистон суверен кредит рейтингида салбий даражада қолди
Жамият
−
07 Декабрь 2020
3857Жорий йилнинг 5 декабрь куни “S&P Global Ratings” халқаро агентлиги Ўзбекистон Республикаси суверен кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон суверен кредит рейтинги “BB-” (рейтинг кутилмаси: “салбий”) даражасида сақланиб қолган. Бу ҳақда Молия вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинг баҳоси (“BB-”) аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг камлиги, институтлар ўртасидаги бир-бирини “тийиб туриш” ва ҳисобдорлик даражасининг кучсизлиги билан изоҳланган. Мамлакат учун давлат корхоналари ислоҳоти ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ҳукумат кафолатлаган ва бошқа кредитлардан ташқари) ҳажмини ошириш ҳукумат олдида турган энг устувор вазифа бўлиб қолаётганига урғу берилган.
Пандемия билан боғлиқ чеклов чораларига қарамасдан Агентлик томонидан Ўзбекистон иқтисодиётининг 2020 йилдаги ўсиши 0,5 фоизни, 2023 йилга қадар эса хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва табиий ресурслар тармоғи ҳисобига ўртача 5 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган. Шунингдек, 2023 йилга қадар кредит долларлашуви даражасининг пасайиши, бу эса монетар сиёсатнинг самарадорлиги ва нарх барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатиши прогноз қилинган.
Шунингдек, рейтинг ҳисоботида Агентлик томонидан:
• пандемия таъсирини юмшатишга қаратилган тезкор чора-тадбирлар олқишланган;
• Ҳукуматнинг институционал ислоҳотларни амалга оширишда ва иқтисодиётни модернизация қилишда илгарилагани, давлат бошқаруви даражасининг эса яхшилангани эътироф этилган;
• коррупцияга қарши кураш, суд-ҳуқуқ тизими мустақиллиги учун илк қадамлар қўйилаётгани таъкидланган;
• солиқ ислоҳотлари натижасида солиқ базаси кенгайгани, даромадларни ундириш суръатлари ошгани, фискал шаффофлик кўрсаткичи яхшилангани қайд этилган.
Шунингдек, келгусида мамлакат кредит рейтингини ошириши мумкин бўлган омиллар сифатида қуйидагилар санаб ўтилган:
• ўрта муддатларда иқтисодий ўсиш ва тўлов балансининг жорий ҳисоби тушумларининг ортиши натижасида ташқи қарз, жумладан давлат қарзи ўсиш суръати секинлашса;
• Ўзбекистоннинг глобал иқтисодиётга интеграциялашуви ва давлат корхоналари ислоҳоти иқтисодиёт ўсиш салоҳиятининг ва давлат корхоналари молиявий аҳволи яхшиланишига олиб келса;
• бюджет тушумларининг базаси ва экспорт таркиби диверсификация қилинса.
Қуйидагилар келгусида мамлакат кредит рейтингини пасайтириши мумкин бўлган омиллар сифатида санаб ўтилган:
• кейинги 12 ой давомида давлат ташқи қарзининг ўсиш суръати барқарорлашмаса (яъни ўтган 12 ойдаги ўсиш суръатларидан баланд бўлса);
• давлат корхоналари молиявий ҳолатининг заифлашуви натижасида ушбу корхоналар қарзлари давлат бюджети томонидан тўланса;
• сўнгги йиллардаги ислоҳотларга қарамай иқтисодиётдаги долларлашув даражаси сезиларли даражада ошса (2020 йилнинг октябрь ойи ҳолатига банк секторидаги долларлашув 49 фоиз, депозитларнинг долларлашув даражаси 43 фоизни ташкил этган).
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенатининг 20 ноябрь куни ўтган 9-ялпи мажлисида халқаро индекаторларда Ўзбекистоннинг иштироки қанчалик муҳимлигига аниқлик киритилганди. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров сўз очганди. https://qalampir.uz/news/norboyeva-va-k-uchk-orov-tandemi-khalk-aro-reyting-va-indekslardan-urin-olish-nega-kerak-28830
“Кимдир халқаро рейтинглар бизни қаердадир мақташлари ёки танқид қилмасликлари учун керак, деб ўйлайди. Биз кимгадир ниманидир исбот қилишимиз шарт эмас. Бу ҳаммаси ўзимиз учун”, деганди вазир.
Шу ўринда Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам Жамшид Қўчоқоровнинг гапларини тўлиқ маъқуллаб, рейтингларни “аҳолининг фаровонлиги ва турмуш даражасини енгиллаштиришга бериладиган баҳо”, дея атаган.
LiveБарчаси