Русларни ўлдириш ҳақида гапирган собиқ элчи халқаро қидирувга берилди
Олам
−
04 Март
13739Москва суди Украинанинг Қозоғистондаги собиқ элчиси Пётр Врублевскийни дунё бўйлаб россияликларни ўлдириш ҳақидаги чақириқларидан кейин қўзғатилган жиноий иш доирасида сиртдан ҳибсга олишга рухсат берди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Ҳуқуқ-тартибот идораларининг аниқлик киритишича, украиналик дипломат федерал ва халқаро қидирувга берилган.
"Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 282-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни (нафрат ёки адоватни қўзғатиш, шунингдек, инсон қадр-қимматини камситиш) содир этишда сиртдан айбланган Пётр Юрьевич Врублевскийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида уни халқаро қидирувга бериш тўғрисида қарор чиқарилди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Москва суди терговнинг Украина фуқароси Врублевскийга нисбатан Россия Федерацияси ҳудудига экстрадиция қилинган ёки айбланувчи мамлакат ҳудудида ҳибсга олинган пайтдан бошлаб даврни ҳисоблаб, икки ойлик муддатга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш ҳақидаги илтимосини қаноатлантирган.
Суд маълумотлар базасида кўрсатилишича, тегишли қарор устидан шикоят қилинмаган. Пётр Врублевский ҳақидаги маълумотлар Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг қидирув маълумотлар базасида ҳам келтирилган. Росфинмониторинг эса дипломатни февраль ойи бошида террорчилар ва экстремистлар рўйхатига киритган.
Терговда аниқланишича, 2022 йил август ойида қозоғистонлик блогер Диас Кузаиров билан интервьюда Врублевский Украина томони русларни қанча кўп ўлдирса, камроқ украиналик болалар ўлишини айтган.
Шундан сўнг, Қозоғистон ТИВ расмий вакили Айбек Смадияров украиналик сиёсатчи ўз баёнотлари учун Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигидан узр сўраганини билдирган. Кейинчалик Украина Президенти Владимир Зеленский Врублевскийни ўз лавозимидан четлаштирди.
LiveБарчаси