Руминия ва Молдова нега бирлашмоқчи?
Таҳлил
−
30 июн 2448 9 дақиқа
Одатда ҳукуматлар ўз мустақиллигини сақлаб қолиш учун ҳар қандай низога боришга ҳам тайёр бўлади. Бир давлатнинг бўлиниб кетишини тасаввур қилиш мумкин, лекин икки мустақил давлатнинг ўз хоҳиши билан бирлашиши бугунги сиёсий майдонда гўё имконсиздек. Аммо бу дунёда ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини Руминия ва Молдова раҳбарлари исботламоқда. Ҳар икки мамлакат етакчиси очиқчасига бирлашиш тарафдори эканлигини намоён қилмоқда. Гарчи ҳали аниқ бир расмий юриш амалга оширилмаган бўлса-да, Молдова раҳбарининг қўшилиш масаласига илиқ позицияси халқаро майдонда катта резонанс ҳосил қилди. Хўш, нега икки мамлакат бирлашишни истаб қолди ва буни қанчалик имкони бор?
Улар рози
Руминия ва Молдова ўртасидаги эҳтимолий бирлашув масаласи яна кўтарилди. Аммо бу сафар Кишинёв ҳам қарши эмасдек. Руминиянинг Молдова билан бирлашиши ҳақидаги қонунчилик ташаббуси уни кўриб чиқиш муддати тугаганлиги сабабли Руминия Депутатлар палатаси томонидан овоз беришсиз маъқулланди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни ўта ўнгчи “S.O.S. România” партиясининг депутатлари томонидан парламент қуйи палатасига киритилган ушбу қонунчилик ташаббуси белгиланган муддат ичида депутатлар томонидан муҳокама қилинмагани ва якуний овозга қўйилмагани сабабли парламент тартиб-таомилларига кўра, автоматик равишда қабул қилинди. Эндиликда қонун лойиҳаси Руминия Сенатига тақдим қилинган ва якуний қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

Агар ҳужжат маъқулланса, у Руминия ҳукуматига икки давлатнинг эҳтимолий бирлашиши бўйича Молдова билан зудлик билан музокаралар бошлаш ваколатини беради. Аммо бу Руминияга Молдовани қўшиб олиш ҳуқуқини бермайди. Мамлакат Президенти Никушор Дан Руминиянинг Молдова билан бирлашиш сценарийси қўшни давлат аҳолисининг аксарияти буни хоҳлаган тақдирдагина амалга ошиши мумкинлигини таъкидлаган.
Қонунчилик таклифининг матнига кўра, қонун қабул қилиниб, расмий газетада чоп этилганидан сўнг, тегишли халқаро органлар, Молдова ҳукумати, АҚШ, НАТО, БМТ ва Европа Иттифоқи қонун-қоидалари бажарилганлиги ҳақида хабардор қилинади.
Молдова Президенти ҳам бирлашишга қарши эмас кўринади. Майя Сандунинг январь ойида BBC’га берган интервьюсида агар Республикада Руминия билан бирлашиш бўйича референдум ўтказилса, у “ҳа” деб овоз беришини айтгани бу галги уринишларда вазият бошқачароқ эканидан далолат бермоқда. Бош вазир ўринбосари Эужен Осмокеску эса агар Молдованинг Евроопа Иттифоқига аъзо бўлиш йўли қийинлашса ёки тўсиб қўйилса, мамлакат қўшни Руминия билан бирлашиш имкониятини кўриб чиқишини билдирган.
Нафақат ҳукумат вакиллари, балки мамлакатлар аҳолилари ўртасида ҳам сўнгги йилларда бирлашишни қўллаб-қувватловчилар сони ортиб бормоқда. Март ойида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, молдоваликларнинг қарийб 42 фоизи Руминияга қўшилишни маъқуллайди, 11 фоиз қисми эса нейтрал. Руминияликларнинг эса қарийб 72 фоиз қисми Молдовани қўшиб олишни ёқлайди. Энг қизиқ жиҳати, Молдованинг таҳминан 3 миллион нафар аҳолисидан қарийб 2,4 миллион қисми Руминия фуқаролигига ҳам эга ва сиёсий жараёнларда фаол қатнашади. Бу шуни англатадики, мамлакатларнинг бирлашуви аҳолига ортиқча оворагарчилик туғдирмайди. Хуллас, ҳамма рози ва фақат аниқ сиёсий қадамларни ташлаш керак холос.
Умумийлик
Икки мамлакатнинг байроғи ўхшаш, тили ўхшаш, маданияти ўхшаш, атропологик кўриниши ўхшаш, қисқа қилиб айтганда тарихан бир илдизга эга.
Молдова ва Руминия ўртасидаги эҳтимолий бирлашув ғояси Европадаги энг эски “бошоғриқлардан” бири. Калаванинг учи икки асрдан ҳам узоқроқ тарихга бориб тақалади. Бугунги Молдова аслида мустақил давлат сифатида эмас, балки тарих давомида бир неча империялар ўртасида бўлиниб кетган ҳудуд сифатида шаклланган. Ўрта асрларда ҳозирги Руминиянинг шарқий қисми ва бугунги Молдова ҳудуди Молдавия князлиги таркибига кирган ягона сиёсий бирлик эди. XIV асрда ташкил топган бу давлат ўз даврида Шарқий Европадаги муҳим князликлардан бири бўлиб, аҳолиси румин тилининг маҳаллий лаҳжаларида сўзлашар, дини эса православ христианлиги эди. Асрлар давомида Молдавия князлиги Усмонли империясига қарам бўлса-да, ички бошқарувини сақлаб қолишга муваффақ бўлди.
1812 йилда, Россия ва Усмонли империяси ўртасидаги уруш якунида имзоланган Бухарест шартномасига биноан Молдавия князлигининг шарқий қисмида жойлашган – Бессарабия ҳудуди Россия империясига қўшиб олинди. Айнан шу воқеа бугунги Молдова ва Руминия ўртасидаги сиёсий ажралишнинг бошланиши ҳисобланади. Дастлаб, Россия янги ҳудудларда руслаштириш сиёсатини юритди, маҳаллий бошқарув тизимини ўзгартирди ва Бессарабия аста-секин Руминиянинг қолган қисмидан узоқлаша бошлади.
Бу орада Молдавиянинг ғарбий қисми бошқа тарихий йўлни босиб ўтди. 1859 йилда Молдавия ва Валахия князликлари ягона ҳукмдор – Александру Иоан Куза қўл остида бирлашди. Тарихда “Кичик бирлашув” номи билан қолган ушбу воқеа замонавий Руминия давлатининг пойдеворини яратди. Кейинчалик Трансильвания ва бошқа ҳудудларнинг қўшилиши билан Руминия миллий давлати шаклланди. Бироқ Бессарабия ҳали ҳам Россия империяси таркибида қолаётган эди.

Биринчи жаҳон уруши ва Россия империясининг парчаланиши мавжуд харитани яна бир бор ўзгартирди. 1918 йилда Бессарабия парламенти Руминия билан бирлашиш тўғрисида қарор қабул қилди ва ҳудуд яна Руминия таркибига қайтди. Аммо бу гал ҳам бирлик узоқ давом этмади. 1940 йилда собиқ Совет Иттифоқи Германия билан тузилган “Молотов–Риббентроп пакти”га таянган ҳолда Бессарабияни ўзига қўшиб олди. Кейинчалик бу ҳудудда Молдавия Совет Социалистик Республикаси ташкил этилди. Айнан совет даврида “молдаван” ва “румин” тушунчаларини алоҳида миллат сифатида кўрсатишга қаратилган мафкуравий сиёсат юритилди. Тил кирилл алифбосига ўтказилди, умумий тарих эса бузиб талқин қилинди.
1991 йилда Совет Иттифоқи парчалангач, Молдова мустақилликка эришди. Дастлаб мамлакат Руминияга яқинлашиш йўлини танлагандек кўринди. Давлат байроғи деярли Руминияникига ўхшаш, миллий мадҳия ҳам бир муддат Руминия мадҳияси билан бир хил эди. Бу даврда икки давлатнинг қайта бирлашиш эҳтимоли жиддий муҳокама қилина бошланди. Аммо ички сиёсий қарама-қаршиликлар, Днестрбўйи Молдова Республикаси (Транснистрия) можароси ва Россиянинг минтақадаги таъсири туфайли бу жараён тўхтаб қолди.
Молдова ғарб билан яқинлашиш сиёсатини юрита бошлагач, Украинадаги сценарий бу ерда ҳам такророланди. Мамалакатнинг шарқий қисмидаги ҳудудлар, асосан Днестр дарёсининг чап қирғоғида жойлашган шаҳар ва қишлоқлар амалдаги сиёсатга норозилик билдириб, Россия билан яқинлашув йўлини танлади. Шунинг учун ўзларини мустақил деб эълон қилди ва бутунлай айрича сиёсат юрита бошлади. Бу эса Кишинёвда хавотир уйғонишига сабаб бўлди.
Шунга қарамай, умумий тарихни инкор этиш қийин. Сўнгги йилларда Молдова парламентининг давлат тилини расман “румин тили” деб белгилаши, Руминия фуқаролигини олган молдоваликлар сонининг кескин ошиши ва Европа Иттифоқига интеграция жараёнлари қўшилиш ҳаракатини яна жонлантирди.
Сабаблар ва тўсиқлар
Руминия ва Молдова ўртасидаги тарихий ёки маданий ўхшашлик қанчалик яқин бўлмасин, бирлашиш ғояси атрофида бошқа жиддий геосиёсий ва иқтисодий сабаблар бор. Сўнгги йилларда Россиянинг Украинага қарши уруши, Молдованинг Европа Иттифоқига интеграцияси ва минтақадаги хавфсизлик муаммолари бу мавзуни яна сиёсий кун тартибининг марказига олиб чиқди.
Аввало, энергетика хавфсизлиги масаласи Молдовани ўз суверинитетидан воз кечишга ундаши мумкин. Бир неча йил давомида Россия табиий газни сиёсий босим воситасига айлантириб, Молдованинг Европага интеграциясини секинлаштиришга уриниб келди. Аммо бу стратегия кутилган натижани бермади, аксинча, Кишинёв энергетик жиҳатдан Бухарестга тобора яқинлаша бошлади. Электр энергияси ва газ инфратузилмасини боғловчи лойиҳалар, янги узатиш тармоқлари ҳамда Европа бозорига чиқиш имкониятлари Молдованинг Россияга қарамлигини сезиларли камайтирди. Шу тариқа иқтисодий зарурат сифатида бошланган ҳамкорлик сиёсий интеграция ҳақидаги баҳсларни ҳам жонлантирди.
Бошқа бир жиддийроқ омил – хавфсизлик масаласи. Украина уруши фонида Молдова ўзининг энг заиф нуқтаси бўлган Днестрбўйи (Транснистрия) муаммосига бошқача нигоҳ билан қарай бошлади. Россиянинг минтақадаги ҳарбий мавжудлиги, Москванинг сепаратистик ҳудуд аҳолисини қўллаши ва уларга фуқаролик бериши Молдовани Украина сценарийсидан огоҳлантирмоқда. Агар Россия Украина билан урушда ғалаба қилса, кейинги нишон Молдова Республикаси бўлиши мумкин. Балки шу сабаб ҳам мамлкат парламенти 2026 йил апрель ойида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги билан алоқаларини босқичма-босқич узишни кўзда тутувчи қонун ҳужжатини имзолади.

Аммо икки давлатни бирлашуви бу оддий ҳол эмас, бу ерда ҳам бир қатор муаммолар мавжуд. Энг асосий тўсиқ – Молдова жамиятининг ўзи. “ATES Research Group”нинг 2026 йил март ойида ўтказилган сўровларига таянадиган бўлсак, Молдова аҳолисининг таҳминан 44 фоиз Руминияга қўшилишга рози. Аммо бошқа манбаларда бу кўрсаткич бунданда пастроқ. Агар референдум ўтказилган тақдирда овоз берувчиларнинг 44 фоизи “ҳа” деб овоз берган тақдирда ҳам, қолган 56 фоизи қатнашчининг қарори ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Бу дегани, ҳали Молдова аҳолисининг ўзи ҳам қўшилиш ғоясини тўлиқ ёқламайди.
Бундан ташқари, Кишинёвдаги ҳукуматнинг ўзи ҳам бугун бирлашишни биринчи рақамли сиёсий мақсад сифатида билмайди. Майя Санду маъмурияти учун асосий вазифа – Молдовани мустақил давлат сифатида Европа Иттифоқига олиб кириш. Агар бунда тўсиқ юзага келса ёки ташқи таъсирлар вужудга келсагина, бу масала жиддий оҳангда кўриб чиқилиши мумкин. Руминия Президенти Ниcусор Дан ҳам ҳозирча бундай тарихий қарор учун етарли сиёсий ва ижтимоий тайёргарлик йўқлигини очиқ айтган ва Молдованинг Европа йўлини қўллаб-қувватлашни бирлашувдан устун қўйишини билдирган.
Чиндан ҳам икки давлат иқтисодининг бирлашуви қайсидир маънода фойдали бўлиши мумкин. Аммо, бу бирлашув силлиқ кечмаслиги аниқ. Руминия иқтисодиёти Молдова иқтисодиётидан бир неча баравар йирик. Жон бошига ялпи ички маҳсулотдаги сезиларли фарқ эҳтимолий бирлашувнинг асосий молиявий юкини Руминия зиммасига юклайди, яъни аҳолининг кўпайиши жон бошига даромадни ҳам сезиларли пасайишига олиб келади, бунда асосан руминлар зарар кўради.
Энг асосий муаммолар ҳам яна геосиёсатга бориб тақалади. Молдовадаги русийзабон аҳоли, Гагаузия автономияси, Днестрбўйи муаммоси ва Руминиядаги ғарбпараст тизимга мутлақо тўғри келмайди. Бухарест ҳам мамлакатда этник муаммолар келиб чиқишини хоҳламаслиги аниқ. Айрим таҳлилчилар, ҳатто бу мавзу Москва учун жамиятни бўлиш ва проевропачи ҳукуматларни заифлаштириш воситасига айланиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Шунингдек, Руминия учун Россия билан ўртада Молдова каби буффер зона бўлгани маъқул. Ҳар ҳолда, бугун Москва уруш туфайлигина тирик. Бутун иқтисодиёт ва сиёсат мана шу Украинадаги уруш атрофида қурилган. Агар Украина таслим бўлса, бунча катта ресурс навбатдаги босқинга йўналтирилиши мумкин. Бугунги Киевнинг аҳволидан маълумки, на АҚШнинг, на Европанинг қўллови Россияни бутунлай таслим қилади. Шу сабабли Руминия учун Молдова дастлабки “ҳимоя девори” вазифасини ҳам ўташи муҳим.
Хулоса қилиб айтганда, бугун икки давлатни бирлашиш эҳтимоли ниҳоятда паст. Ҳатто Руминия учун ҳам Молдовани қўшиб олиш, бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Кишинёв ҳам Европа томон ўз йўлида давом этади, фақатгина геосиёсий қаршиликларгина уни ўз мустақиллигидан воз кечишга ундаши мумкин.
Live
Барчаси