Руминия Россия дипломатини мамлакатдан ҳайдади
Олам
−
12:16 1159 1 дақиқа
Кеча, 27 июль куни Россия дронлари Руминия ҳаво ҳудудини бир неча бор бузгани ортидан мамлакат Россия элчихонасининг бир дипломатини чиқариб юборди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Руминия Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, ушбу қарор Россия элчиси Владимир Липаевга расман етказилган. Вазирлик дипломатнинг чиқариб юборилишига Руминия ҳаво ҳудудининг дронлар томонидан такроран бузилгани сабаб бўлганини билдирган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 24 июлидан буён Руминия Ҳарбий-ҳаво кучларининг F-16 қирувчи самолётлари уч кун ичида мамлакат ҳаво ҳудудига кирган 3 та дронни уриб туширган. Бу ҳодисалар Россиянинг Украинага берган зарбалари кучайган даврига тўғри келган.
Россия элчихонаси эса Руминия томонининг айбловларини рад этиб, уларни “асоссиз” деб атаган. Дипломатик ваколатхона баёнотида Россия ҳеч қачон Руминия ҳудудидаги нишонларга дрон йўналтирмагани таъкидланган.
Шунингдек, Россия элчихонаси Москва Руминиянинг ушбу қарорига жавоб чораларини кўришини билдирган. Бироқ ҳозирча қандай чоралар қўлланилиши ҳақида маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия Россия элчихонасининг ҳарбий атташеси ўринбосарини жосуслик билан шуғуллангани учун чиқариб юборган эди.
Live
Барчаси