Рухсатномасиз Ҳаж амалларини бажарганларга кескин чоралар кўрилади
Жамият
−
01 Март
8027Саудия Арабистонида зиёрат (туристик) виза, умра ва бошқа турдаги визалар билан Ҳаж қилишга рухсат берилмайди. Бу ҳақда Саудия Арабистони Дин ишлари бўйича қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Саудия ҳукумати томонидан Ҳаж-2024 мавсумида тартибни сақлаб ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида кескин жазо чоралари жорий этилган.
Унга кўра, Саудия Арабистонига зиёрат (туристик)виза, умра виза, бизнес виза ва бошқа турдаги визалар билан сафар қилувчи фуқаролар виза муддати тугагунга қадар Саудия ҳудудини тарк этиши шарт. Зиёрат (туристик)виза, умра виза ва бошқа турдаги визалар билан Ҳаж қилишга рухсат берилмайди. Ушбу хатти-ҳаракатлар ноқонуний ҳисобланади.
Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги хорижий зиёратчилар ва Подшоҳлик аҳолисини “Ҳаж-2024” мавсумида махсус рухсатномасиз ҳаж амалларини бажаришларининг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида маълум қилди.
“Виза муддатини бузиш, Саудия ҳудудида қолиб кетиш, визада белгиланган муддатдан ортиқча яшаш ҳамда ҳаж визасидан бошқа турдаги визалар билан Ҳаж қилганлик учун Саудия қонунчилигида қатъий чоралар белгиланган. Ушбу қоидани бузганлик учун 10 йил муддатга депортация қилиш ёки 6 ой қамоқ жазоси белгиланган. Ушбу қоидани бузган зиёратчилар, шахслар, турфирма ва ташкилотларга 50.000 саудия риали (13,400 АҚШ доллари) миқдорида жарима белгиланган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ умра сафарида фуқароларни сарсон қилган турфирмалар вақтинча ёпилиши ҳақида хабар қилинган.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси