Рубль қуламоқда. Россия молия бозорида вазият қандай?
Таҳлил
−
13 Июнь
30576АҚШ Россиянинг Миллий байрами – 12 июнь "Россия куни" муносабати билан “совға” тайёрлади. Ушбу "совға" кўп куттирмай ўз таъсирини кўрсата бошлади. Иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқуловнинг сўзларига кўра, Россия “Чучхе назарияси”даги мамлакатга ўхшаб қолмоқда. Хўш, Россия молия бозори нималарни бошдан кечирмоқда ва бунинг Ўзбекистонга қандай таъсири бор?
Янги санкциялар пакети ва Москва биржасидаги ҳолат
Америка Қўшма Штатлари 12 июнь куни Россияга янги санкциялар пакетини жорий қилди. Ушбу пакет Москва биржаси, Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийси, шунингдек, 300 га яқин компания ва ташкилотларга нисбатан санкцияларни ўз ичига олган. АҚШ Молия вазирлиги ушбу пакет Россия молия тизимининг архитектурасини нишонга олгани, мудофаа саноатига сармоя киритиш ва Украинага қарши босқинни давом эттириш учун зарур бўлган товарларни сотиб олишни чеклашга қаратилганини айтди.
Москва биржаси ва Марказий банк Россияда дам олиш куни бўлишига қарамай, янги санкциялар рўйхати эълон қилинганидан кейин бир соат ичида баёнот билан чиқди ва Москва биржасида доллар ва еврода савдо қилиш тақиқланишини эълон қилди.
“АҚШ томонидан Москва биржасига нисбатан чеклов чоралари киритилиши муносабати билан биржа савдолари ва экспорт бўйича АҚШ доллари ва евродаги ҳисоб-китоблар тўхтатилди”, дейилади Россия Марказий банки хабарида.
РБК нашрининг ёзишича, Москва биржаси май ойидаёқ ушбу 2 валютада савдо қилишни тўхтатган, сайтдаги операцияларнинг ярмидан кўпи юанда амалга оширилган. Россия Марказий банки АҚШнинг Москва биржасига қарши санкциялари валюта бозорида фақат савдо тузилмасини ўзгартириши, экспортдан чет эл валютаси тушумлари ҳажмига ва унга бўлган талабга таъсир қилмаслигини билдирди, лекин рубль курси сезиларли даражада пасайди.
Россия миллий валютаси қулашда давом этади
"Reuters" агентлиги хабарига кўра, АҚШнинг янги санкциялари ҳақидаги янгиликдан сўнг, баъзи банклар дарҳол доллар курсларини кўтарди. Норвик Банки 1 долларни 50 рублга сотиб олишини, лекин 1 долларни 200 рублга сотишини маълум қилди. Аммо бироздан сўнг ставкаларни 88,20/97,80 га ўзгартирди. Бу вақтда Сifra Bank долларни 89 рублдан сотиб олиб, 120 рублдан сотаётган эди. Бошқа йирик банклар сотиб олиш ва сотиш курсларини 6-7 рубллик фарқ билан белгилади.
Иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқуловнинг QALAMPIR.UZ'га айтишича, рубль қадрсизланишда давом этади.
“Мен бу ҳақда анча аввал ҳам айтган эдим. Россия рубль курсини барқарор ушлаб туролмайди. Мамлакат расмий захираларининг ярми музлатиб қўйилган, Россияга етакчи валюталарни олиб кирувчи барча каналлар ёпилди. Бундай шароитда рублни қадрсизланишдан ҳеч ким тўхтатиб қололмайди. Россия бора-бора Шимолий Корея диктатори яратган “Чучхе” мафкурасига тушиб қолди. Яъни давлат ўзида мавжуд нарсалар билан кун кўради, ташқаридан ҳеч нарса келмайди. Шу маънода, Россия халқини келажакда жиддий ва оғир муаммолар кутиб турибди”, дейди профессор Тўлқин Бобоқулов.
"Reuters" агентлигининг ёзишича, россияликлар пулларини долларда сақлашни афзал кўради ва банклардан фаол равишда доллар сотиб олади. Чунки, Россия аҳолиси рублдан фарқли равишда долларни ишончли ва барқарор валюта, деб билади.
“Таъкидлаш жоизки, халқаро валюта бозори ҳам, дунёнинг аксарият давлатларининг ички валюта бозорлари ҳам биржадан ташқари ҳисобланади. Валюталарнинг биржа савдоси миллий валютанинг конвертация қилиниши, хорижий валюталарнинг эркин муомаласи ва бозор курсини шакллантиришнинг зарурий шарти эмас. Компаниялар ва жисмоний шахслар Россия банклари орқали АҚШ доллари ва еврони сотиб олиш ва сотишда давом этиши мумкин. Фуқаролар ва компанияларнинг ҳисоб рақамлари ва депозитларидаги АҚШ доллари ва евродаги барча маблағлар хавфсиз бўлиб қолади", дейилади хабарда.
Ўзбекистонга қандай таъсири бор?
Профессор Тўлқин Бобоқуловнинг сўзларига кўра, рубль курсининг қулаши, Москва биржасида доллар ва еврода савдо қилишга чеклов киритилиши Ўзбекистон валютасига таъсир кўрсатмайди.
“Россия Ўзбекистон билан савдода аллақачон доллардан воз кечиб, рубль билан муомала қилмоқда. Россиядаги мигрантлар ҳам пул ўтказмаларини рублда амалга оширмоқда. Агар Россия доллар билан савдо қилганда эди, сўнгги янгилик Ўзбекистоннинг сўм курси учун бир қанча хавотирларни келтириб чиқарар эди. Аммо рубль курсининг қулаши экспортчиларга зарар келтириши мумкин. Россия бозори Ўзбекистон учун қулай бозор бўлмайди”, дейди иқтисодчи Бобоқулов.
Бундан ташқари, рубль курсининг ўзгариши ўзбекистонлик мигрантларнинг даромадлари камайишига олиб келиши мумкин. Умуман олганда, Ўзбекистонга Россиядан пул ўтказмалари миқдори камайган.
Жорий йилнинг 25 апрель санасида Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуродов Ўзбекистонга Қозоғистон ва Россиядан амалга ошириладиган пул ўтказмалари миқдори биргаликда 84 фоизгача пасайганини маълум қилган эди. Россиядан келадиган пул ўтказмалари улуши умумий пул ўтказмаларининг 68 фоизини ташкил этиб, ўтган йилгига нисбатан анча камайган.
LiveБарчаси