Рубио “қора шаҳзода” билан учрашаркан, Исроил Трампнинг Ғазо бўйича таклифини олқишлади
Олам
−
18 Февраль
6082Кеча, 17 февраль куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Саудия Арабистонида музокаралар олиб борар экан, Исроил АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазо аҳолисини кўчириш бўйича таклифига содиқлигини эълон қилди. Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац Ғазо аҳолисининг “ихтиёрий равишда чиқиб кетиши” учун махсус агентлик ташкил этилишини айтди.
“Мудофаа вазири Исроил Катз бугун (17 февраль) ғазоликларнинг ўз ихтиёри билан чиқиб кетиши бўйича йиғилиш ўтказди ва унинг якунида Мудофаа вазирлиги таркибида ғазоликларнинг ўз ихтиёри билан чиқиб кетиши бўйича идора ташкил этишга қарор қилди”, дейилади вазирлик баёнотида.
Исроилдаги музокаралардан сўнг Саудияга борган Давлат котиби Марко Рубио валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан Яқин Шарққа илк ташрифи давомида учрашди.
Исроилнинг асосий иттифоқчиси ва қурол етказиб берувчиси бўлган Қўшма Штатлар араб ҳукуматларининг муқобил таклифларига очиқ эканини айтади, бироқ Рубио ҳозирча “ягона режа Трамп режаси”эканини айтмоқда.
“Давлат котиби минтақавий хавфсизликка ҳисса қўшадиган Ғазо келишувининг муҳимлигини таъкидлади”, деди Давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюс Рубио ва валиаҳд шаҳзода учрашуви ҳақидаги баёнотида.
Трампнинг таклифида тафсилотлар келтирилмаган, бироқ у фаластинликлар Ғазода “бахтсиз ҳаёт кечираётганини” ва 15 ойдан ортиқ давом этган урушдан сўнг реконструкция қилинадиган қирғоқ ҳудуди “Яқин Шарқнинг Ривьера”сига айланиши мумкинлигини айтган.
Қўшма Штатлар, шунингдек, Саудия Арабистони Исроилни тан оладиган тарихий келишувга интилмоқда.
Бунинг эвазига Ар-Риёд Фаластин давлатини яратишни талаб қилмоқда – бу Исроил раҳбарлари узоқ вақтдан бери қаршилик қилиб келган ва Трампнинг Ғазо бўйича режасига зид келиши мумкин.
Кеча, 17 февраль куни Мисрда “Икки давлат ечими учун глобал алянс”га аъзо давлатлар йиғилиши бўлиб ўтди. Миср Ташқи ишлар вазирлиги Қоҳира Исроил-Фаластин можаросида “икки давлат қарорига тўлиқ содиқлигини” ва “мустақил Фаластин давлатини барпо этиш зарурлигини” таъкидлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса кечаги баёнотида “АҚШ Президенти Трампнинг яна бир Ғазо яратиш режасига содиқлигини” айтди ва урушдан кейин “на ҲАМАС, на Фаластин маъмурияти” ҳудудни бошқармаслигига ваъда берди.
Нетаньяху аввалроқ Рубио билан Трампнинг “Ғазо келажаги бўйича дадил қарашлари” ва “бу қараш ҳақиқатга айланишини таъминлаш” йўллари ҳақида гаплашганини айтганди – экспертлар бу халқаро ҳуқуқни бузади деб огоҳлантирди.
Саудия Арабистони манбасининг AFP'га хабар беришича, Ар-Риёд шу ҳафта охирида Президент Дональд Трампнинг Ғазо бўйича кенг танқид қилинган режасига “араб муқобилларини муҳокама қилиш” учун минтақавий саммит ўтказади. 21 февраль куни бўлиши кутилаётган саммитда Миср, Иордания, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Уммон, Қатар ва Қувайт вакиллари иштирок этади.
LiveБарчаси