Руҳий, жисмоний ва жинсий... Аёллар энг кўп қандай зўравонликка учрамоқда
Жамият
−
29 Ноябрь 2021
10086Жорий йилнинг 10 ойида 4 518 нафар хотин-қизларга нисбатан турли зўравонликлар содир этилган. Бу ҳақда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази директори Муқаддам Расулова брифингда маълум қилди.
Таъкидланишича, сўнгги 10 ой ичида “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказ”ларига 7 226 нафар фуқаролар мурожаат қилган, улардан 4 518 та ҳолатда турли зўравонлик содир этилган.
Шундан 2 457 та руҳий, 1 358 та жисмоний, 37 та жинсий, 666 та иқтисодий зўравонлик ҳолатлари қайд этилган ва 2 708 та ҳолатларда оилавий низолар, келишмовчиликлар, ажрашиш масалалари билан боғлиқ мурожаатлар қайд этилган.
Шунингдек, Муқаддам Расулова тазйиқ, зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларнинг мурожаат қилишлари учун узлуксиз ишонч телефони ишга тушганини таъкидлаб ўтди.
“Республика реабилитация марказида жорий йилнинг 12 ноябридан тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар билан ўзаро алоқани амалга ошириш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш учун мўлжалланган 24 соат узлуксиз ишлайдиган 1146 “Ишонч телефони” иш бошлади, ҳозирги кунда ташкилий масалалар ҳал қилинмоқда”, дейди марказ директори.
LiveБарчаси