Рой Жонс Мадримовнинг рақибини дунёнинг энг яхши боксчиси деб атади
Спорт
−
17 Июль
10537Тўрт дивизионда афсонавий собиқ жаҳон чемпиони Рой Жонс ҳамюрти Теренс Кроуфордни айни дамда дунёнинг энг яхши боксчиси деб тан олди. Бу ҳақда у “All the smoke fight” YouTube саҳифасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Ўз интервьюсида Жонс япониялик Наоя Иноуэни алоҳида эътироф этди, лекин Теренс Кроуфордни ҳозирги вақтда энг кучли боксчи эканлигини билдирди.
“Наоя Иноуэ, гарчи у Японияда бўлса ҳам, ажойиб боксчи. Биз уни тез-тез рингда кўрмаётганимиз учун ҳозирда Наояни энг зўри дея олмайман, бироқ Наоя P4P рейтинги етакчиси бўлишга муносиб. Иноуэ ўз вазнида етарлича рақобатга эга эмас. АҚШда Наояни унчалик яхши танишмайди, чунки бизда унинг вазн тоифасида таниқли боксчилар йўқ. Шунинг учун мен Теренс Кроуфордни бу борада 1-ўринга қўйган бўлардим”, дейди Рой Жонс.
Қайд этиш жоиз, тўрт вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони Наоя Иноуэ навбатдаги жангини австралиялик Ти Жей Дохенига қарши ўтказади. Жанг 3 сентябрь куни енгилмас чемпионнинг ватани – Токиода бўлиб ўтади.
Аслида Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) иккинчи энг енгил вазн тоифасида Наоя Иноуэга ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиевдан мажбурий ҳимоя жанги ўтказишга буйруқ берганди, бироқ якунда Наоя Ти Джей Дохенига қарши рингга чиқишга қарор қилди. Аҳмадалиев эса WBA рейтингида 2-ўринни эгаллаган америкалик Рамон Карденас билан WBA камари учун жанг қилиши мумкин.
Ўз навбатида, Рой Жонс эътироф этаётган Теренс Кроуфорд 3 августда ўзбекистонлик Исроил Мадримовга қарши WBA чемпионлик камари ҳамда биринчи ўрта вазнда вакант, яъни эгасиз бўлиб турган вақтинчалик WBO камари учун жанг қилади.
LiveБарчаси