Росстат мигрантлар ҳақида статистик маълумотлар беришни тўхтатди
Олам
−
14:06
1927Россия Федерал Давлат статистика хизмати (Росстат) миграция ва Россия аҳолисининг умумий сони бўйича ойлик маълумотларни эълон қилишни тўхтатди. Бу ҳақда демограф Алексей Ракша кеча, 31 октябрь куни ўзининг Теlegram-каналида хабар берди.
У ўз каналида тегишли кўрсаткичларни ўз ичига олмаган Росстатнинг 2024 йилнинг январидан сентябрига қадар Россиядаги ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳақидаги ҳисоботини жойлаштирган.
Ҳужжатнинг демографияга бағишланган блокида энди фақат туғилиш, ўлим ва аҳолининг табиий қисқариши ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Шу билан бирга, август ойида эълон қилинган ва 2024 йилнинг январидан июлигача бўлган даврни ўз ичига олган шунга ўхшаш ҳисоботда “Аҳоли миграциясининг умумий натижалари” бўлими мавжуд бўлиб, унда Россияга келган ва Россиядан чиқиб кетган мигрантлар сони кўрсатилган.
Ушбу маълумотларга кўра, 2024 йилнинг кўрсатилган даврида Россияга 2 миллион 54 минг 167 нафар муҳожир борган, 1 миллион 978 минг 284 нафар мигрант уни тарк этган. 2023 йилда Россияга борганлар сони 2 миллион 202 минг 959 нафарни, кетганлар сони 2 миллион 63 минг 47 нафарни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ички ишлар вазирининг миграция сиёсатини назорат қилиш бўйича биринчи ўринбосари, полиция генерал-полковниги Александр Горовой бугунги кунда мамлакатда 739 минг ноқонуний мигрант мавжудлиги ва уларнинг асосий қисмини Ўзбекистон, Қирғизистон, Арманистон ва Озарбайжон фуқаролари ташкил қилишини айтганди. Горовойга кўра, Россиядаги умумий мигрантларнинг 9 фоизи ноқонуний мигрантлар ҳисобланади. Уларнинг умумий сони сўнгги тўрт-беш йил ичида 30 фоиздан ошган. Ҳозирги кунда Россияда 6 миллион 174 минг киши чет эл фуқаролигига эга. Мамлакатда ўз фуқаролари сони бўйича биринчи ўнталикка эса Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Беларусь, Украина, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Хитой ва Туркманистон киради.