Россиясиз “дон келишуви” ишлайдими? Кремлдан садо чиқди
Олам
−
31 Октябрь 2022
12504Россия иштирокисиз дон бўйича келишув хавфли бўлиб қолади ва амалга ошиши қийин. Бу ҳақда Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков айтиб ўтди.
“Туркия томони билан, шунингдек, БМТ билан дипломатик ва бошқа идоралар орқали алоқалар давом этмоқда”, дейди Кремль матбуот котиби.
Шу билан бирга, Песков ҳозирча дон бўйича келишув давом этиши мумкин бўлган Москва шартларини айта олмаган.
“Мен бу саволга ҳозирча жавоб беришга тайёр эмасман, бу осон эмас”, дейди Кремль матбуот котиби.
Шунингдек, у дон келишуви бўйича алоқалар давом этаётганини таъкидлаган.
Унинг қўшимча қилишича, ғалла битимини Россия иштирокисиз амалга ошириш деярли мумкин эмас, бу янада хавфли бўлиб қолади.
“Россия бу ҳудудларда навигация хавфсизлигини кафолатлашнинг иложи йўқлиги ҳақида гапираётган шароитда, албатта, бундай битимни амалга ошириш қийин. У бошқа характерга эга, анча хавфли, таҳликали ва кафолатсиз”, дейди у.
Бундан ташқари, Песков Россия дон битимидан чиққанидан кейин ҳам қашшоқ мамлакатларни қўллаб-қувватлашда давом этади лекин ҳали аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган.
“Фурсатдан фойдаланиб, шуни эслатиб ўтмоқчиманки, ушбу шартнома бўйича етказиб берилган умумий доннинг фақат кичик улуши энг қашшоқ мамлакатларга тўғри келган, қолган қисмини эса Европадаги камбағал бўлмаган давлатлар олган. Буни қандай амалга оширишимиз мураккаб масала, уни ҳали ишлаб чиқиш керак. Ҳозирча биз Россия томонининг пасайган ҳажмларни ўз ҳисобидан қоплашга тайёрлигини кафолатлай оламиз”, дейди Песков.
Аввалроқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Туркия ва Украина делегациялари денгиз гуманитар йўлак бўйлаб 14 та ўрнига 16 та кеманинг ҳаракатланиши жадвалини тасдиқлаганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 октябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги аннексия қилинган Севастополдаги Қора денгиз ҳарбий флотига уюштирилган ҳужум муносабати билан Украинадан озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишга мўлжалланган келишувдаги фаолиятини тўхтатишини маълум қилган эди. Шунингдек, расмий Москва кемалар хавфсизлигига жавоб бермаслигини таъкидлаган.
Маълумот учун, 22 июль куни Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокида Украина портларидан ғаллани хавфсиз ташиш бўйича келишув имзоланди. Ҳужжатни Украина, Россия, БМТ ва Туркия вакиллари имзолади. Дон шартномаси Украинанинг Одесса, Южний ва Черноморск портларини ўз ичига олади.
Шартнома муддати 19 ноябрда тугайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Туркия аввалроқ келишувни узайтиришга чақирган эди.
Октябрь ойида Қрим кўпригида портлаш бўлиши ортидан Россия Президенти Владимир Путин дон келишуви тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини айтганди. У портловчи ускуна дон йўлаги орқали Қримга олиб келингани тасдиқланса, шундай қилинишини айтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь