Россия дунёни очликдан қутқарган келишувдан чиқишини эълон қилди
Олам
−
29 Октябрь 2022
12300Россия Севастополь акваториясидаги терактдан сўнг “Ғалла битими”даги иштирокини тўхтатади. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
“29 октябрь куни Киев режими томонидан Британия мутахассислари иштирокида Қора денгиз флоти кемалари ва “дон йўлаги” хавфсизлигини таъминлашга жалб қилинган фуқаролик кемаларига қарши амалга оширилган террорчилик ҳаракатини инобатга олиб, Россия томони Украина портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича келишувлардаги иштирокини тўхтатади”, дейилади вазирлик баёнотида.
Аввалроқ Россиянинг Севастополь кўрфазидаги Қора денгиз флоти кемаларига дронлар ёрдамида ҳужум уюштирилди. Россия томони барча дронлар йўқ қилинганини билдирди.
Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ҳужумни Николаев вилоятидаги Очаков шаҳрида жойлашган британиялик мутахассислар тайёрлаётган Украинанинг 73-денгиз операциялари махсус маркази ҳарбийлари амалга оширган.
Эслатиб ўтамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва НАТО Украинадан озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишга мўлжалланган келишувни узайтиришга чақирган эди.
Маълумот учун, 22 июль куни Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокида Украина портларидан ғаллани хавфсиз ташиш бўйича келишув имзоланди. Ҳужжатни Украина, Россия, БМТ ва Туркия вакиллари имзолади. Дон шартномаси Украинанинг Одесса, Южний ва Черноморск портларини ўз ичига олади.
Шартнома муддати 19 ноябрда тугайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Туркия аввалроқ келишувни узайтиришга чақирган эди.
Октябрь ойида Қрим кўпригида портлаш бўлиши ортидан Россия Президенти Владимир Путин дон келишуви тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини айтганди. У портловчи ускуна дон йўлаги орқали Қримга олиб келингани тасдиқланса, шундай қилинишини айтди.
LiveБарчаси