Россиянинг яна бир ҳудудида мигрантларга такси ҳайдаш тақиқланди
Олам
−
10 Август
4120Россиянинг Красноярск вилоятида чет эллик ишчиларнинг ҳайдовчилик билан шуғулланиши тақиқланди. Бу ҳақда Красноярск губернатори Михаил Котюков имзолаган фармонда келтирилган.
Фармонда вилоят ҳудудида чет эл фуқароларининг бир қанча фаолият турларида ишлашини тақиқлаш назарда тутилган. Хусусан, мигрантларга таксида йўловчиларни ташиш, ихтисослашган дўконларда алкоголли ичимликлар, шу жумладан пивонинг чакана савдоси, ихтисослашган дўконларда тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси билан шуғулланиш тақиқланди.
Қайд этилишича, фармон 2025 йил 1 мартдан эътиборан амалда бўлади. Мигрантлар ишлаши тақиқланадиган соҳалар яна ортиши мумкин.
“Россия Ички ишлар вазирлигининг Красноярск ўлкаси бўйича бош бошқармаси билан биргаликда биз шунга ўхшаш ечимлар зарур бўлган бошқа тармоқлар ва фаолият соҳаларини таҳлил қилишда давом этамиз”, дейилган хабарда.
Маълумот учун, шу пайтгача Россиянинг Томск, Самара, Липецк ва Курск вилоятларида ҳам меҳнат мигрантларининг муайян соҳаларда ишлашини тақиқловчи фармойишлар кучга кирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Кемерово вилояти губернатори Илья Середюк Кузбассда 2024 йил 1 январидан бошлаб мигрантларни бир неча соҳаларда ишлашга жалб этиш тақиқи кучга кириши ҳақида фармонни имзолагани хабар қилинганди.
LiveБарчаси