Россиянинг Украинага қарши урушида КХДРнинг 300 аскари аллақачон ҳалок бўлди – Сеул
Олам
−
12:50
1979Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашган Шимолий Кореянинг 300 га яқин аскари ҳалок бўлди, яна 2700 нафари яраланди. Бу ҳақда бугун, 13 январь куни Жанубий Корея парламенти депутати Ли Сонг Квун мамлакатнинг разведка маълумотларига таяниб маълум қилди.
“Шимолий Корея қўшинларининг Россияда жойлаштирилиши Курск вилоятини ҳам қамраб олгани хабар қилинмоқда, Шимолий Корея кучлари орасида қурбонлар сони 3000 дан ошган, жумладан уларнинг 300 га яқини ўлган ва 2700 киши яраланган”, деди депутат Ли Сонг Квун Миллий разведка хизматида брифинги чоғида.
Аскарларга таслим бўлиш тақиқланган
Депутатнинг сўзларига кўра, Шимолий Кореянинг элита ҳарбийлар корпусидан экани тахмин қилинаётган аскарларга, агар қўлга тушиш хавфи бўлса, ўз жонига қасд қилиш буюрилган.
“Айниқса, таъкидлаш жоизки, ҳалок бўлган аскарларнинг устида топилган ёзувлар Шимолий Корея ҳукумати томонидан қўлга тушмаслик учун уларни ўз жонига қасд қилишга ёки ўзини портлатишга мажбурлаш бўйича босимдан далолат беради”, деди жанубий кореялик қонунчи.
Бу аскарларнинг баъзилари “афв этилган” бўлса, бошқалари жангларда қатнашиб, ҳаётини яхшилаш умидида ихтиёрий равишда КХДР ишчилар партиясига қўшилган. Асирга тушишга яқин турган Шимолий Корея аскарларидан бири “Генерал Ким Чен Ин!” деб қичқирган ва гранатани портлатмоқчи бўлган, лекин отиб ташланган.
NIS экспертлари таҳлили шуни кўрсатдики, Шимолий Корея аскарлари “замонавий урушни яхши тушунмайди” ва улардан жуда ҳалокатли жангларда фойдаланилмоқда.
Зеленский маҳбусларни Ким Чен Инга қайтаришга тайёр
Украина Президенти Владимир Зеленский бир кун аввал Киев Шимолий Кореянинг икки аскарини қўлга олганини айтиб , ярадор аскарларнинг сўроқ қилиниши акс этган видеони эълон қилиб, уларни асирга олинган украиналик аскарларга алмаштириш имконияти масаласини кўтарди.
“Украина Ким Чен Иннинг аскарларини Россияда асирликда бўлган аскарларимиз билан алмашишни ташкил қила олса, қайтаришга тайёр. Қайтишни истамаган Шимолий Корея ҳарбийлари учун бошқа вариантлар таклиф қилиниши мумкин”, деб ёзди Зеленский Х ижтимоий тармоғидаги постида.
Унинг таъкидлашича, асирга олинган Шимолий Корея аскарлари сони шубҳасиз кўпроқ бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина аскарлари жанглар давом этаётган Россиянинг Курск вилоятида 2 нафар Шимолий Корея аскарини асирга олганди. Зеленский эълон қилган видеода Шимолий Кореядаги икки ҳарбий асирнинг сўроқ қилинаётгани акс этган: бири каравотда ётган, иккинчисининг жағи боғланган. Эркаклардан бири таржимон орқали Украинада жанг қилишини билмаганини ва унинг қўмондонлари “бу шунчаки машғулот бўлганини айтишганини” маълум қилган. Таржимада, тахмин қилинган аскарлардан бири КХДРга қайтишни хоҳлаётганини билдирган. Яна бири айтилган ҳамма нарсани қилишини, бироқ имконият туғилса, Украинада қолишни исташини айтган. Украина Президенти, асирлардан бирига тегишли бўлган ҳарбий гувоҳнома фотосуратини ҳам чоп этган. Ҳужжат Россиянинг Тува ҳудудида 1998 йилда туғилган Аранзин исмли аскарники экани кўринади.
LiveБарчаси
Эрдўған Тотлисас билан қўшиқ куйлади.
12 Январь
Индонезияда Ибу вулқони ҳаракатга келди.
12 Январь