Россиянинг Украинага босқинини қоралаган мигрант 7 йилга “кесилди”

Олам

image

Россиянинг Новосибирск шаҳри Калинин туман суди томонидан Тожикистон фуқароси Далержон Очилов Россия Қуролли кучлари ҳақидаги гаплари учун судланиб, унга 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Новосибирск вилояти Суд департаменти бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Суд ҳукмига кўра, у Россия Федерацияси Қуролли кучлари ҳақида ёлғон маълумотларни ошкора тарқатгани (Жиноят кодекси 207.3-моддаси 2-қисми  “д” банди) ва безорилик (213-модда 1-қисми “б” банди) учун 7 йил озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, унга икки йил давомида интернетда Россия Қуролли кучлари ҳақида маълумотлар тарқатиш тақиқланган. Ҳукм ҳозирча кучга кирмаган.  

“Очилов 2022 йил февраль ойидан 2024 йил март ойигача Новосибирскдаги икки савдо марказида Украина, ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятларида олиб борилаётган махсус ҳарбий операциянинг мақсадлари, усуллари ва жараёни, шунингдек, Россия Президентининг мазкур операция доирасидаги ҳаракатлари ҳақида ёлғон маълумотларни ошкора тарқатган. Шу билан бирга, у Россия фуқароларига, хусусан, Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларига нисбатан миллий нафрат мотивлари асосида жамоатга ошкора ҳурматсизлик билдирган, рус аёлларини ҳақорат қилган ва РФ Президенти ҳамда ҳукуматининг махсус ҳарбий операция ўтказиш бўйича қарорини танқид қилган”, дейилади тергов ҳужжатида.

Бироқ адвокат Наталя Воронцованинг SOTAvision нашрига маълум қилишича, кўпчилик гувоҳлар Очилов ҳақорат қилган вақт ёки жойни аниқ кўрсата олмаган.

“Айбловда Очиловнинг 19 март куни ҳамкасби Оксана билан жанжал давомида шундай сўзларни айтгани келтирилган. Бироқ сўроқ қилинган гувоҳлардан бири Очиловдан ҳақоратли гапларни эшитмаганини, фақат Оксананинг бақир-чақирини эшитганини айтди”, дейди адвокат.

Унинг сўзларига кўра, айблов ҳеч қандай асосланган далилларга таянмаган. Судланувчи ҳам ўз айбини тан олмаган ва шу сабабли ҳибсхонада босимга дуч келмоқда. Масалан, яқинда у жазо камерасига жойлаштирилган. Ҳимоя томони бу ҳаракатларнинг қонунийлигини текшириш учун прокуратурага мурожаат қилган.

Бундан ташқари, Очилов ярим йилдан бери қариндошлари билан кўришиш имконига эга эмас. Унинг биринчи никоҳи расман бекор қилинмаган, лекин унинг Тожикистон фуқароси бўлган рафиқаси мамлакатдан депортация қилинган. Судгача у билан бирга яшаган аёл эса қонуний рафиқаси ҳисобланмагани учун унга учрашишга рухсат берилмаяпти.
Очиловга нисбатан жиноят иши 2024 йил март ойи охирида Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикиннинг кўрсатмаси асосида очилган. Бу ишдан олдин унинг ҳамкасби Оксана полицияга бир неча бор мурожаат қилган, лекин жиноят иши қўзғатишга рад жавоби берилган. Фақат Бастрикин аралашгач, иш расман очилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг