Россиянинг Украинага ҳужуми қарийб икки баравар секинлашди
Олам
−
04 Февраль 2025 7841 3 дақиқа
Жорий йил январь ойида Россия армияси Украинада 430 квадрат километр ҳудудни эгаллади ва ҳозирда Донецк вилоятидаги Украина кучларининг логистика маркази бўлган Покровск шаҳрига ҳужум қилмоқда. Мазкур шаҳар Россия позицияларидан атиги икки километр масофада жойлашган. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Россия қўшинлари Украинада ҳозиргидан деярли икки баравар кўп – 725 квадрат километр ҳудудни босиб олган. Бу ҳақда Америка урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотларига таяниб, “The Guardian” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Россия армиясининг юриши ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан ҳам секинлашган. Ўшанда 476 квадрат километр ҳудуд босиб олинган эди. Январда Россия қўшинлари эгаллаган майдонларнинг 80 фоизидан ортиғи Донецк вилоятига тўғри келган. Бундан ташқари, Россия армияси шимолий-шарқий фронтда, Купянск шаҳри яқинида тахминан 50 квадрат километр ҳудудда олдинга сурилган ва Оскол дарёсининг ғарбий қирғоғида ўрнашмоқда. Мазкур дарё узоқ вақт давомида икки томоннинг тўқнашув чегараси бўлиб келган.
ISW маълумотларига кўра, Россия армиясининг юриши қиш фаслида секинлашади: 2023 йил январь ойида у 285 квадрат километр, 2024 йил январь ойида эса атиги 146 квадрат километр ҳудудни эгаллаган. Жорий йилда Россия армиясининг ҳужуми тезлашгани эса, AFP таҳлилига кўра, Россия кучларининг Украина қуролли кучлари устидан устунлигини кўрсатади. Бу устунлик 2024 йил ёзидан буён сақланиб қолмоқда.
Қайд этиш жоиз, Россиянинг ҳудудий босқинларига жавобан Украина 2024 йил август ойида Курск вилоятида кенг кўламли операция ўтказиб, икки ҳафта ичида қарийб 1300 квадрат километр ҳудудни эгаллаган эди. Бироқ Украина назоратига ўтган ҳудуд ҳажми камаймоқда: 2024 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, у 483 квадрат километрни ташкил қилган бўлса, январь охирига келиб 442 квадрат километрга қисқарди.
Шу билан бирга, DeepState маълумотларига кўра, Россия кучлари январь ойида атиги 325 квадрат километр ҳудудни эгаллашга муваффақ бўлган. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил декабрида Россия армияси 394 квадрат километр, ноябрда 730 квадрат километр, октябрда эса 503 квадрат километр ҳудудни босиб олган.
ISW ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йилда Россия қўшинлари жами 4168 квадрат километр ҳудудни эгаллаган бўлиб, бу асосан Украина ва Курск вилоятидаги далалар ва кичик аҳоли пунктларидан иборат. Шу билан бирга, Россиянинг йиллик йўқотишлари 420 минг кишини ташкил қилган. Институтга кўра, Россия армияси ўтган йили ҳар бир босиб олинган квадрат километр учун ўртача 102 ҳарбийсини йўқотган. Энг катта ҳудудий ютуқ Россия томонидан сентябрдан ноябргача бўлган даврда қайд этилган бўлиб, бу даврда Россия 56,5 фоиз янги ҳудудларни эгаллаган ва тахминан 125 800 ҳарбий йўқотган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Қуролли кучлари томонидан эгалланган Россиянинг Курск вилояти Суджа шаҳридаги тинч аҳоли вакиллари яшаётган интернат-мактабга зарба берилган эди. Оқибатда тўрт киши ҳалок бўлган, яна тўрт киши оғир яраланган. Москва ва Киев ушбу ҳужумда бир-бирини айблаганди.