Россиянинг Украинадаги йўқотишлари миллион кишига яқинлашди – разведка

Олам

image

Украинада жанг қилаётган Россия армиясининг йўқотишлари 950 минг нафарга (ҳалок бўлган ва яраланганлар) етди. Бу ҳақда Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳарбий разведкаси хабар берди.

Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки тўрт ойида Россия армияси тахминан 160 минг кишини йўқотган.

“Агар бу суръат сақланиб қолса, 2025 йил шахсий таркибдаги йўқотишлар бўйича Россия учун урушдаги энг оғир йил бўлади”, дейилади Британия Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Британия ҳарбийларининг таъкидлашича, юқори даражадаги ҳар кунлик йўқотишларга қарамай, Россия бу йил Украина ҳудудларининг муҳим қисмларини эгаллашга эриша олмаган. Украина Бош штабининг маълумотларига таяниб, вазирлик апрель ойида Россия Қуролли кучлари ўртача кунига 1200 кишидан ортиқ ҳалок бўлган ва яраланганини, мартда эса бу кўрсаткич 1300 киши бўлганини маълум қилди.

Бунгача Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS) Россия армиясининг уруш бошидан буён йўқотишларини 800 минг кишига баҳолаган эди. АҚШнинг Европадаги қўмондонлик кучлари раҳбари Кристофер Каволининг сўзларига кўра, Россия ҳар ойда тахминан 30 минг янги ҳарбий чақирувчини сафга қўшмоқда. Унинг ҳисобича, ҳозирда Украинадаги Россия ҳарбий гуруҳининг сони камида 600 минг нафар аскарни ташкил этади.

“Forbes” нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги ҳужум суръати ва йўқотишлар сақланиб қолса, Россия армиясига ҳали эгалланмаган 490 минг квадрат километр (Украинанинг 81 фоизи) ҳудудни забт этиш учун 230 йил керак бўлади. Бу жараёнда эса тахминан 101 миллион нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Буюк Британия Мудофаа вазирлиги 2022 йилда Украинага бошланган тўлиқ ҳажмдаги босқинидан буён Россия армияси ўлдирилган ва яраланганларни қўшиб ҳисоблаганда қарийб 900 000 кишини йўқотган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина ҳарбий разведка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг