Россиянинг Украина шарқидаги ҳужуми тўхтатилди – Зеленский
Олам
−
12 Март
11359Украина Президенти Владимир Зеленский Россиянинг шарқий фронтдаги ҳужуми тўхтатилганини айтди. Бу ҳақда у кеча, 11 март куни француз оммавий ахборот воситалари – “Le Monde” газетаси ва BFM TV'га берган интервьюсида сўз очди.
Зеленский фронтдаги ҳозирги вазият сўнгги уч ойдагидан анча яхши эканини таъкидлади.
"Артиллерия ўқ-дорилари, ҳаво ҳужумидан мудофаа, узоқ масофага учувчи қуролларнинг етишмаслиги ва Россия дронларининг зичлиги туфайли қийинчиликларга дуч келдик. Биз Россия авиациясига қарши яхши ишладик, шарқдаги вазиятни тикладик ва Россиянинг ҳужуми тўхтатилди", дейди у.
Зеленский Россия қўшинлари Авдеевкани вайрон қилиб, Украина ҳудудларини эгаллашга муваффақ бўлганини, бироқ энди улар кўп сонли самолётларини йўқотгани учун олдинга силжий олмаслигини таъкидлади.
Украина Қуролли кучлари Россия ҳужумини бутунлай тўхтата олишига ишонасизми, деган саволга жавоб берар экан, Украина давлати раҳбари бу масалада реалист бўлиш зарурлигини таъкидлади.
“Бу уруш давом этаётганида, биз бунга ишонч ҳосил қила олмаймиз. Ғалаба қозонганимизда, ишончимиз комил бўлади. Нега мен позитив эмасман? Чунки эртага, бир ҳафта ёки бир ой ичида руслар биз уларда йўқ деб ишонадиган яна миллион ўқ-дорини олиши мумкин”, дейди Зеленский.
Унинг айтишича, Украина Қуролли кучлари 1000 км дан ортиқ ҳудудда учта истеҳком чизиғини мустаҳкамлаган.
Шунингдек, Зеленский ўтган ҳафта Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис билан порт шаҳарга ташриф буюрган пайтда Россиянинг Одессага ракета ҳужуми Владимир Путиннинг “ҳақиқий дунёдан ажралганини” кўрсатганига ишонишини айтди.
“У мени нишонга олганми? Ҳозир бу муҳим эмас, Сиз Европа давлати етакчисидан бир неча юз метр нарида ракета ҳужумини бошлаганингизда, менимча, сиз ҳақиқатан ҳам ақлдан озгансиз", дейди Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, 6 март куни Одесса Украина Президенти Владимир Зеленский ва Греция Бош вазири Кириакос Мицотакиснинг шаҳарга ташрифи чоғида Россия томонидан ракета ҳужумига учраганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь