Россиянинг нефть заводлари яна Украина дронлари нишонига айланди
Олам
−
14 июл 3528 2 дақиқа
Бугун, 14 июлга ўтар кечаси Украина ҳарбийлари Россиянинг Бошқирдистон Республикаси ва Краснодар ўлкасидаги нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар билан ҳужум қилди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Қайд этилишича, Бошқирдистоннинг Салават шаҳрида Россиянинг энг йирик нефтни қайта ишлаш ва нефть-кимё мажмуаларидан бири – “Газпром нефтехим Салават” ҳужум остида қолган.
Шунингдек, дастлабки маълумотларга кўра, Салават шаҳридаги “Роснефть-Опт” нефть базасида ҳам ёнғин чиққан.
Бошқирдистон раҳбари Радий Хабиров республикага дронлар ҳужуми уюштирилганини тасдиқлаган.
“Бир нечта тутун ўчоқлари мавжуд ва ҳодиса оқибатида одамлар жабрланмаган”, деб ёзган у Telegram-каналида.
Краснодар ўлкасида эса дронлар ҳужуми оқибатида Афипский нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида ёнғин чиққан. Дастлаб маҳаллий аҳоли резервуарлар яқинида олов кўрингани ҳақида хабар берган, кейинчалик Кубань оператив штаби корхонада дрон ҳужуми оқибатида ёнғин содир бўлганини тасдиқлаган.
Минтақавий тезкор штаб маълумотларига кўра, Афипский посёлкаси, Смоленская станицаси ва Коваленко хуторидаги 16 та манзилга дрон бўлаклари қулаган. Оқибатда бир нечта турар жой биноларининг томлари ва фасадлари шикастланган, бир киши жароҳат олган.
Эслатиб ўтамиз, Украинанинг кеча, 13 июлга ўтар кечаси амалга оширган дрон ҳужумлари оқибатида Россиянинг бир неча ҳудудида камида 4 киши ҳалок бўлиб, яна 5 киши жароҳатланган эди. Шунингдек, Украина Россиянинг “соя флоти”га тегишли 15 та кемага ҳам зарба берган.
Live
Барчаси