Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсири пасайяптими?

Олам

image

Вашингтонда жойлашган Вудро Вильсон номидаги халқаро илмий марказ экспертлари Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсири сусайиб бораётгани ва минтақа мамлакатларининг янги йўналишларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда “Америка овози” ёзди. 

Президент Жо Байденнинг Хитой етакчиси Си Цзиньпин билан муваффақиятли музокаралари ва АҚШнинг ғарбий соҳилида бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларининг саммити муқаррар равишда қўшни минтақада яна бир қизиқиш ортишига сабаб бўлди: бу – Хитой ва бошқа мамлакатларнинг манфаатлари узоқ вақтдан бери Совет империяси парчаланганидан кейин Россиянинг заифлашиб бораётган таъсири билан бевосита алоқада бўлган Марказий Осиё.

Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Вашингтондаги Вудро Вильсон марказида йиғилган экспертлар ўз муҳокамаларини “Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсири пасайяптими?” деб номлаган.

“Таҳлилчилар узоқ вақтдан бери Россияни Марказий Осиёдаги хавфсизликнинг асосий ўйинчиси, деб ҳисоблаб келади. Минтақадаги бешта давлатдан учтасида: Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда ҳамон ҳарбий объектлари бор”, дейди Техас А&М университети қошидаги Буш давлат бошқаруви ва давлат хизмати мактаби доцент-тадқиқотчиси Эдвард Лемон.

Унинг билдиришича, Россия таъсири табиати нафақат ҳарбий хусусиятга эга, балки асосан разведка хизматлари билан боғлиқ. 

“Сўнгги ўттиз йилликда Россия қуроллари минтақадаги қурол импортининг қарийб учдан икки қисмини, шу жумладан Қирғизистон ва Тожикистон қурол импортининг 90 фоизини ташкил этди, бу эса, албатта, ушбу давлатларнинг қуролли кучларини Россия ҳарбий-саноат комплексига, рус ҳарбий доктринасига ва рус таълим усулларига қарам қилиб қўйди. Минтақанинг барча хавфсизлик хизматлари Совет КГБсидан (СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси) пайдо бўлган ва бу алоқалар жуда мустаҳкам бўлиб, Россияда яширинган Марказий Осиёдан келган диссидент-муҳожирларга нисбатан трансмиллий репрессия каби воқеаларни қўллаган ёки аксинча. Бу турли хил хавфсизлик ва разведка алоқалари тўплами нисбатан мустаҳкамлигича қолмоқда”, дейди Лемон.

Унинг билдиришича, баъзи яхши янгиликлар ҳам йўқ эмас. 

“Россиянинг Украинага бостириб кириши Кремлнинг Марказий Осиёдаги алоқаларига таъсир қилди. Бу уларни молиявий жиҳатдан заифлаштирди. Россия ҳамон Марказий Осиё давлатларининг асосий ташқи хавфсизлик шериги бўлиб қолмоқда, аммо бу энди шубҳа остига олинмоқда”, дейди эксперт.

Таъсирнинг пасайиши 1992 йилда тузилган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг амалий қобилиятсизлигидан ҳам далолат беради.

У сўзида давом этаркан, 2010 йилда Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида содир бўлган фуқаролар урушини эслади. Ўшанда КХШТ муваққат ҳукумат раҳбари бўлган Роза Отунбоеванинг сўровини рад этган. 

“Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон КХШТга аъзо. Бироқ, 2010 йилда Қирғизистондаги этник зўравонликлар пайтида, Қирғизистон муваққат раҳбари Роза Отунбоева КХШТни аралашишга чақирганида, унга бу ички хавфсизлик масаласи эканини, ва бунда КХШТ роль ўйнамаслигини айтишган”, дейди Эдвард Лемон.

Экспертнинг алоҳида урғулашича, бугунги кунда минтақа хавфсизлик борасида бошқа шерикларни қидирмоқда. 

“Дунё Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида, айниқса, 2021 йил апрель ва 2022 йил сентябрь ойларида бир неча бор зўравонлик ва жиддий чегара можароларига гувоҳ бўлган. Ва яна КХШТ аралашмади. У амалга оширган ягона муҳим аралашув 2022 йил январь ойида Қозоғистонда содир бўлган воқеалар пайтида содир бўлди. Бироқ, ҳатто Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ҳам ўшанда Хитойнинг аралашуви эҳтимолини кўриб чиқаётганликларини айтди. Шунчаки уни қонунийлаштирадиган механизм йўқ эди... Албатта, минтақа хавфсизлик учун муқобил шерикларни қидирмоқда”, дейди у. 

Унинг билдиришича, КХШТга аъзо давлатларнинг аллақачон бу ташкилотдан умидлари пучга чиқмоқда. Чунки, Россия айни вақтда КХШТ фаолиятини давом эттиришдан кўра, Украинадаги уруш билан банд. 

“Қозоғистондаги воқеалардан икки ой ўтгач, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланди. Ва бу КХШТ атрофида янада кўпроқ савол туғдирди, чунки Россия минтақадаги ҳарбий иштирокини камайтиришга мажбур бўлди. Арманистон аслида ўзининг аниқ сабабларига кўра КХШТ йиғилишларида қатнашишни тўхтатди... Биз Марказий Осиё давлатларининг КХШТ ўз хавфсизлиги учун нима қилиши мумкинлиги ҳақидаги умидлари аниқ пасайганини кўряпмиз”, дейди Лемон.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 ноябрь куни Беларусь пойтахти Минск шаҳрида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти саммити бўлиб ўтди. У асосан ташкилот ва Арманистон муносабатлари ёмонлашгани фонида ўтди. Пашинян аввалроқ КХШТни 2021 йил майи ва 2022 йил сентябрь ойларида Баку билан тўқнашувлар вақтида Ереванга ёрдам бермаганликда айблаган эди. Шу фонда Арманистон КХШТдан мамлакатга ёрдам бериш масаласини кун тартибидан олиб ташлашни сўради ва Пашиняннинг ўзи Лукашенкога Минскка бориш нияти йўқлигини маълум қилди. Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги раҳбарлари саммит олдидан ташкилот томонидан ташкил этилган тадбирларда қатнашмади. Республика парламенти спикери Ален Симонян декабрь ойида бўлиб ўтадиган КХШТ Парламент Ассамблеяси йиғилишида иштирок этмаслигини маълум қилди. Аввалроқ Арманистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги элчисини чақириб олган ва янгисини тайинламаган эди. Айни пайтда Ереван ташкилотни тарк этмоқчи эмаслигини айтмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Марказий Осиё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made